Навоийда “Ободонлаштириш” бошқармалари раҳбарларининг 3,6 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари фош этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи бизга хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Навоий шаҳар ва Кармана тумани “Ободонлаштириш” бошқармалари мансабдор шахслари ноқонуний даромад орттириш мақсадида, пул маблағларини нақдлаштириш фаолияти билан шуғуланиб келган корхоналар раҳбарлари билан олдиндан тил бириктирган. “P.Service”, “N.Invest”, “I.Service”, “G.Service” ҳамда “I.Avalon” номли МЧЖлардан ўртача бозор нархи 256,8 минг сўм бўлган “S.Street Light-100 W” прожекторларини 922,0 минг сўмдан ва ўртача бозор нархи 556,7 минг сўм бўлган “S.Street Light-200 W” русумли прожекторларини 1,4 млн сўмдан харид қилишиб, жами 3,6 млрд. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилинганликлари фош этилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ва Кармана тумани “Ободонлаштириш” бошқармалари мансабдор шахслари ҳамда юқоридаги МЧЖларнинг раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






