Бугун, 3 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон президентининг биродар Хитой халқига дўстона ёрдамининг иккинчи партияси жўнатилди.
Бу ҳақда Кун.уз хабар берди.
Инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи босқичи Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда шакллантирилди.
Бу гал “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси корхоналари томонидан тайёрланган махсус тиббий кийимлар, тиббий ниқоблар ва тиббий докалар жўнатилди.
Эслатиб ўтамиз, 12 февраль куни Ўзбекистон Хитойга тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдамининг биринчи партиясини юборганди.
Бу коронавируснинг янги турига (nCoV-2019) қарши курашиш ва унинг тарқалишини чеклаш бўйича Хитой томонининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва уни бартараф этиш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни таъминлаш мақсадида амалга оширилди.






