Қояга чиқиш ва кемпинг учун мўлжалланган жойларга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК томонидан махсус белгилар жорий қилинди.
Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5781-сонли Фармонига мувофиқ, қояга чиқиш билан шуғулланиш ва чодирларни ўрнатиш (кемпинг)га мўлжалланган жойларга тегишли белгилар ўрнатилиши лозим.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК томонидан Oʻz DSt 3331:2018 “Туризм хизматлари. Туризм соҳасида навигация тизимининг ахборот белгилари. Умумий талаблар” давлат стандартига ўзгартириш киритилди. Стандартга навигация тизимининг иккита қўшимча ахборот белгилари киритилди:


“Қояга чиқиш жойи” “Кемпинг учун жой” “Кемпинг учун жой” белгиси кемпинг жойлашган жойни кўрсатади.
Мазкур белги магистраллар, автомобиль йўллари, шунингдек туризм хариталари ва йўл кўрсаткичлари, навигация тахтачалари, тарқатма-ахборот нашрлари, йўналишни аниқлаш постерларида қўлланилади. “Қояга чиқиш жойи” белгиси ўз навбатида қояга чиқиш билан шуғулланиш мумкин бўлган тоғларнинг жойлашган жойига ишора қилади. Ушбу белгини туризм объектлари ҳудуди, туризм хариталари ва йўл кўрсаткичлари, навигация тахтачалари, тарқатма-ахборот нашрлари, йўналишни аниқлаш постерларида қўллаш мумкин.
Туризм соҳасида навигация ва йўналиш тизими сайёҳларнинг туристик- инфратузилма объектларига осон етиб бориши учун қўлланилади.
Таъкидлаш жоизки, Oʻz DSt 3331:2018 “Туризм хизматлари. Туризм соҳасида навигация тизимининг ахборот белгилари. Умумий талаблар”стандарти туризм соҳасидаги навигация тизимининг ахборот белгилари, шу жумладан туризм инфратузилмаси объектлари, туризм-рекреация ҳудудлари, туризм йўналишлари ва диққатга сазовор жойларининг белгиларига доир умумий талабларни белгилайди.






