АсосийJamiyat

Вазир ўринбосари Шуманайда “Ёшлар боғи”даги илк кўчатни экиб берди

'Вазир ўринбосари Шуманайда “Ёшлар боғи”даги илк кўчатни экиб берди'ning rasmi

Кеча, 4 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида 12 гектар ер майдонида барпо этилаётган “Ёшлар боғи”га кўчатлар экилиши бошланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, сенаторлар, Нукус ҳарбий прокуратураси, Миллий гвардия ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек ёшлар ва муддатли ҳарбий хизматчилардан иборат ташаббускор гуруҳлар иштирок этди.

Ушбу ҳайрли ташаббус ва янги тажриба биринчи бўлиб Шуманай туманида ташкил этилаётгани ҳамда илгари ташландиқ ва чакалакзордан иборат бўлган бўш ерларни ободонлаштириш учун катта куч ва имкониятлар сафарбар этилгани учун Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев туман ҳокимлигига ўз миннатдорчилигини билдириб, мана шундай савобли ишларга ҳарбий хизматчилар ҳар доим тайёр эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг, вазир ўринбосари янги ташкил этилаётган “Ёшлар боғи”даги илк кўчатни яхши ниятлар билан экиб берди.

Ушбу ташландиқ бўлиб ётган 50 гектарга яқин ер майдонида олдин бегона ўтлар ҳамда ўтиб бўлмас даражада чакалакзорлар мавжуд эди. Эндиликда ернинг 12 гектар майдонида 60 минг туп мевали дарахтлардан иборат кўркам боғ, яна 40 гектарга яқин жойда эса ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, шундан кейин уни имтиёзли равишда экин экиш учун ёшларга берилиши режалаштирилмоқда.

“Ёшлар боғи”ни яратишда фаол иштирок этган ташаббускор гуруҳлар ҳамда ҳарбий хизматчилар “Армия ва халқ – бир тану, бир жон!” деган эзгу ғоянинг амалда исботини кўрсатиб, кўчатларни биргаликда ўтқазишди.

Ҳашарга келган аҳоли учун Шуманай туман ҳокимлиги томонидан байрамона дастурхон ёзилиб, катта қозонда палов дамланди. 

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар ҳашарчиларнинг кайфиятини кўтариб, ғайратига янада шижоат бағишлади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати 

    Бошқа янгиликлар