Хабарингиз бор, кеча Республика Хотин-қизлар қўмитаси биносида Зулфия мукофотига таслиқланган қизларни ёширинча тайёрлашаётгани ҳақида гапирган видео интернет тармоқларида тарқалганди.
Куни кеча Вазирлар Маҳкамаси биноси ёнида Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридан Зулфия номидаги Давлат мукофоти республика саралаш босқичи иштирокчилари тўпланишди. Бу ҳақда хуман интернет сайти ёзмоқда.
Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган қизлар саралаш босқичларидаги фикрлари, танқидий муносабатларини билдиришди. Суҳбат давомида қизлар ўзларининг фикрига хайрихоҳ бўлган бошқа ҳудуд номзодлари ҳам оз эмаслигини, Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссия аъзолари номзодларни қайси мезонлар асосида сараланганию, республика босқичида ўтказилган суҳбат баллари нега эълон қилинмагани, шунингдек, номзодларнинг фаолияти нима учун ОАВда кенг ёритилмагани ҳақида гапиришди.
Уларнинг фикрича, жавоблар аллақачон чиққан. Аммо бу сир тутилган. Шу пайт собиқ Хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан — Гулнора опа Маруфова ҳамда Сайёра опа (фамилияларини билиб қололмадик) келишди. Барчасига аниқлик киритиш мақсадида қизларни қўмита биносига олиб кетишди. У ерда Элмира Боситхонова билан юзма-юз суҳбат бўлди.
Чамаси икки соатлар давом этган суҳбат аввалига ёвқарашроқ киноялар билан бошланди. Бу иш қизлар учун номуносиблиги, аслида Зулфияхоним издошлари ҳар қандай вазиятда оғир бўлиши хусусида гапирилди. Аммо сал туриб бу ҳолат она ва қизнинг опа ва сингилнинг ўзаро дардлашувига айланди. Сабабини қуйида изоҳлаймиз.
Бундан бир неча кун олдин Шохсанам Холбоева (Тошкент шаҳридан қатнашган номзод) томонидан олинган ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеога жавобан, Элмира опа ҳали Президентнинг қарори чиқмагани, шахсан ўзларининг қўлига етиб келмагани ва жавоблар ҳали чиқмаганини айтди. Ҳаттоки, ҳар йили 8 март байрамига бағишлаб ўтказилаётган тадбир тайёргарлик жараёнига ҳам умуман аралашмаётганликларини айтди. Мукофотга совриндор қизларнинг аллақачон тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги фикрлар қатъий рад этилди. Демак, уларнинг фикрича, ҳали ҳам жавоблар чиқмаган.
Бундан ташқари, номзод 6-7 нафар қизнинг барча таклифлари ўрганилди ва келгусида амалий натижа кўрсатадиган бўлди. Яъни булар:
Эндиликда таълим, фан ва жамоатчилик йўналишларида 25 ёшдан баланд хотин-қизлар қатнаша олади. Негаки, илм-фан соҳасида бирор ютуққа эришиш учун етарлича билим ва малака кераклиги, мактаб ёшидаги қизларнинг бу йўналишларда амалий жиҳатдан имкони йўқлиги таъкидланди. Шунинг билан бирга, илм билан шуғулланаётган қизлар учун Зарифа Саидносирова номидаги мукофот ёки танлов ўтказиш таклиф этилди ва бу Элмира Боситхонова томонидан маъқулланди.
Қолаверса, Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилганидан буён ўтган 20 йил ичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри туманлар кесимида мукофотга сазовор бўлмаган туманлар ўрганилиши ва мана шу ҳудудларга кўпроқ эътибор қаратилиши лозимлиги ҳақидаги таклиф ҳам ўринли деб топилди. Ишчи гуруҳ бу масалага алоҳида ёндашиши белгилаб қўйилди.
Юзма-юз, очиқ-ойдин кечган суҳбат раҳбар аёлларнинг ҳаётий синовларни бошдан кечиргани, турли тўсиқларга дуч келганлари ва уларни қандай ениб ўтганликлари — хуллас дардкашона руҳдаги самимий мулоқот майдонига айланди. Энг муҳими, қизлар тингланди, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини бемалол баён этишди. Албатта, булар амалга тадбиқ этила бошласагина жамиятда илиқ фикрлар янаям кенг ёйилади. Ҳеч бир давлатда мутлақо гендер тенглигига эришиш осон кечмаган. Мақоланинг давоми бор.






