“ОАВ ҳақиқий тўртинчи ҳокимиятга айланмоқда, одамлар сиёсат ва давлат бошқаруви билан қизиқяпти, унинг фаолиятига баҳо бераётир, энг муҳими, танқидий руҳда, очиқ ва қўрқувсиз фикр билдирмоқда. Масс-медиа давлат органлари устидан фуқаролик назоратининг етакчи кучига айланди”.
Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева 5 март куни очилган II Марказий Осиё судьялар мулоқотида шу мавзу доирасида алоҳида тўхталди.
“Илгари камера ва диктофон тутган одамни ҳеч қандай тушунтиришсиз қаергадир киришига рухсат беришмаган бўлса, бугун журналист ишига тўсқинлик қилиш учун жиддий асослар керак. Оммавий ахборот воситалари овоз ёзиш ва тасвирга тушириш техникаси билан суд мажлисларида иштирок этиш имкониятини талаб қилдилар ва бунга эришдилар. ОАВ амалдорлардан қилинган ишлар ва молиявий ҳисоботлар талаб қилишни ўргандилар.
Мен илғор ва улкан мақсадларга интилаётган журналист ва блогерлар жамоасининг иштирокчиси бўлиш шарафига муяссар бўлдим. Улар Ўзбекистонда ОАВ ролини кучайтириш ишига бефарқ эмас. Жамғарма ўз олдига кўплаб вазифаларни қўйган ва уларнинг асосийлари – ОАВ тўғрисидаги қонунларни такомиллаштириш, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий маданияти ва профессионал кўникмаларини ошириш ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш”, деди Мирзиёева.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар олдида турган энг катта муаммолардан бири қонунларнинг эскилиги, мавжуд қонунчилик бугунги давр талабига жавоб бермаслиги ва уларнинг кўп қисми бир ёқлама ишлаб чиқилганидир.

“Шуни таъкидлашни истардимки, ахборот маконини тартибга солувчи қонунлар ўн – ўн беш йил давомида сезиларли даражада ўзгармади. Уларнинг кўпида мутлақо эскирган тушунчалар мавжуд ва улар замонавий қарашларга жавоб бермай қолди. Ушбу норматив ҳужжатларнинг кўпи, масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “билдирган фикри учун ва танқид қилганлиги учун фуқароларни таъқиб қилиш” меъёри мавжуд 144-моддаси ҳеч қачон амалда қўлланмаган. Ҳеч ким бу модда ҳақида билмайди ҳам. Ҳа, Қонун доим ҳам Тараққиётга ета олмаяпти. Биз буни тушунамиз ва журналистлар ҳуқуқий соҳада осон ҳаракат қилиб, самарали ишлашлари учун барчасини қиляпмиз.
Эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддаларига туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум этишни бекор қилиш ҳамда ушбу қилмишлар учун жарималар миқдорини камайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Сўз учун инсонни қамаб бўлмаслигига, фуқаролик ва маъмурий чора кўриш етарли эканига қатъий ишонамиз. Журналистлар эркинлигини йўқотишдан қўрқмасдан ҳато қилиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак”.
Маълумот ўрнида, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир билан ҳамкорликда иккинчи маротаба ташкиллаштирилаётган халқаро даражадаги икки кунлик тадбирда ЕХҲТ минтақаси ва Марказий Осиё давлатларидан 40 дан зиёд юқори малакали эксперт-мутахассислар, юрист-ҳуқуқшунослар, судьялар иштирок этди.
“II Марказий Осиё судьялар мулоқоти” доирасида сўз ва ОАВ эркинлиги борасида халқаро стандартлар муҳокама қилинди, шунингдек, миллий хавфсизлик, адоват, таҳқирлаш, диффамация, яъни туҳмат масалалари ҳам кенг қамровда кўриб чиқилди.
Манзура БЕКЖОНОВА






