АсосийЖАМИЯТ

Президент Ҳаж зиёрати учун йиққан пулини маҳалладошларига сарфлаган аёлни мукофотлади

Ҳаж зиёрати учун йиққан маблағини маҳалладошларига беғараз ёрдамга сарфлаган риштонлик тад...

'Президент Ҳаж зиёрати учун йиққан пулини маҳалладошларига сарфлаган аёлни мукофотлади'ning rasmi

Ҳаж зиёрати учун йиққан маблағини маҳалладошларига беғараз ёрдамга сарфлаган риштонлик тадбиркор Израбу Усмонова Президентимиз фармонига кўра “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Хушхабарнинг қаноти бор дейишади. Оддий қишлоқ аёли, оила бекасининг бундай шарафли мукофотга муносиб кўрилгани ҳақидаги хабар фарғоналиклар қалбини фахр — ифтихорга тўлдирди. Бу бежиз эмас. Израбу нафақат оила бекаси, балки маҳалла фаоли сифатида эл корига бакор бўлиб келаётган ташаббускор аёллардан. Узоқ йиллар халқ хўжалигининг турли соҳаларда меҳнат қилиб амалий тажриба тўплаган оила бекаси турмуш ўртоғи, уч нафар ўғиллари билан “Израил Израбону” оилавий корхонасини ташкил этди. Аввалига кичик ишлаб чиқариш тармоғи сифатида иш бошлаган пайпоқ тўқув цехи фаолият кўлами кенгайди, янги ишлаб чиқариш ускуналари олиб келинди. Натижада 20 нафардан ортиқ маҳалла хотин — қизлари бандлиги таъминланди.

Изланиш, ташаббус кўрсатиб ишлашни ҳаётнинг бош амоли деб билган тадбиркор аёл фарзанд ва набираларини ҳам ана шу ҳаёт ҳақиқати асосида тарбиялади. Нафақада бўлсада, тиниб — тинчимаган оилавий корхона раҳбари туманнинг чекка ҳудудидан 5 гектар ер олиб замонавий иссиқхона ташкил этди. Бу ерда помидор, қалампир, булғор қалампир сингари сабзавот экинлари парваришлаш йўлга қўйилди. Эзгу мақсад йўлида бошланган саъй-ҳаракатлар бесамар кетгани йўқ. Замонавий уй-жой, тўкин ва фаровон ҳаёт ана шу меҳнат ва изланишлар маҳсули.

– Маҳалламиз фаоли, тадбиркор, меҳрибон она Израбу Усмонова билан ҳақли равишда фахрланамиз, – дейди “Марказ” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Нилуфар Деҳқонова. – Айниқса, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб–қувватлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ишларида оилавий корхонанинг амалий ёрдами ҳамиша қўл келади. Ўтган йили ҳаж зиёрати учун жамғариб қўйган маблағларини кам таъминланган оилаларга уй-жойларини тиклаб олишлари учун ҳадя қилиб берди.

Эл кўнглини обод этмак, Алишер Навоий таъбирича, вайрон бўлган Каъбани қайта тиклаган билан баробардир. Шукроналар бўлсинки бу қутлуғ ҳаракат йиллар, асрлар оша эл ҳаётида давом этишдан бир зум тўхтагани йўқ. Израбу опанинг эзгу ишлари ҳам кўплаб эҳтиёжманд оилаларга қувонч улашди. Албатта, юрт фаровонлиги, эл тинчлиги йўлида амалга оширилган ишлар бесамар кетмайди. Халқаро хотин-қизлар кунида И. Усмонованинг “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани катта эътироф бўлди.

– Рости, бундай бўлишини кутмагандим, – дейди Израбу Усмонова. –Бу йилги байрам ҳаётимда унутилмас бўлди. Президентимизнинг қўлидан мукофотни қабул қилиб олиш янада бошқача бўлди. Бизни эъзозлаган, эътибор кўрсатган давлатимиздан, Юртбошимиздан миннатдормиз.

    Бошқа янгиликлар