Жанубий Кореяда сўнгги бир сутка ичида COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 248 та ҳолат аниқланди. Шундай қилиб, мамлакатда касалликка чалинганлар сони 7382 кишига етди, қурбонлар сони эса 51 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари ташкилоти (KCDC) маълум қилди, дея ёзди “Дарё”
Аввалроқ қурбонлар сони 50 кишига етгани ҳақида хабар берилган эди. Жанубий Корея ҳукумати эпидемиологик хавф даражасини энг юқори кўрсаткичгача оширган. Барча мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўқув машғулотларининг бошланиши 23 мартгача бекор қилинган.
KCDC’нинг 9 март куни соат 00:00 (Тошкент вақти билан 8 март куни соат 20:00 да)ги маълумотларига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 190 таси Тегу шаҳрида, 26 таси Кёнсан-Пукто провинциясида, қолган ҳолатлар эса мамлакатнинг бошқа ҳудудларида аниқланган. 36 бемор соғайиб, уйига жавоб берилган (жами соғайганлар сони 166 кишига етган). Яна 17 458 кишининг таҳлиллари ҳали ўрганилмоқда.
Коронавирусни юқтириб олганларнинг 130 нафари Сеулда, 5571 нафари Тегуда, 1107 нафари Кёнсан-Пукто провинциясида, яна 152 нафари эса Кёнгидода. Пусанда 96 та ҳолат қайд этилган. Қайд этишларича, Жанубий Кореядаги коронавирус беморларининг камида 4,5 минг нафари (62,8 фоизи) Синчонжи сектасига алоқадор одамлардир.






