Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бектемир туманидаги юқори қувватли электр тармоқ устунига чиқиб олган фуқаро ва унинг тушишини илтимос қилаётган одамлар ҳолати акс этган видео тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий маълумот берди.
Келтирилишича, жорий йилнинг 4 март куни тахминан соат 17.45 да эркак киши “Қўйлиқ” бозори ҳудудидаги юқори қувватли электр тармоқ устунига чиққани Бектемир тумани ИИО ФМБ ходимларининг назарига тушди. Устундан тушишини илтимос қилганларга жавобан у ўз жонига қасд қилиш нияти борлигини айтган. Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари нохуш ҳодисани олдини олдилар.
Номаълум эркак – фарғоналик муқаддам судланган 34 ёшли Дониёрбек Д. эканлиги ва у спиртли ичимлик таъсири остида эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирги вақтда Д.Д. Тошкент вилояти клиник психиатрия шифохонасига жойланди, шифохонада у билан психологлар ишламоқдалар.
“Ҳурматли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари! Аксарият ҳолларда бундай ниятдаги инсонларга жамият ёрдами керак, видеога тушириш ва кейинчалик уни тарқатиб, “мутахассислар” томонидан муҳокама қилинишига муҳтож эмас. Муҳокамалар одамга салбий таъсир ўтказиши мумкин”, — дейилади расмий хабарда.






