Ижтимоий тармоқларда кеча, 10 март куни техник жиҳатдан ёмон шикастланган “Матиз” ҳолати акс этган видео “Амаллаб етиб олса бўлди” сарлавҳаси остида эълон қилинди.
Мазкур ҳолат ИИВ ЙҲХББ томонидан тезкор ўрганилди ва натижа Бош бошқарма Ахборот хизмати томонидан маълум қилинди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 25 февраль куни соат 22:30 ларда ҳайдовчи М.А. “Матиз” русумли транспорт воситасини бошқариб, М.Улуғбек тумани Мустақиллик шох кўчаси бўйлаб, Шастри кўчаси томонидан, Шахрисабз кўчаси томонга қараб йўлнинг ўрта қаторидан кетаётган бўлган. Ҳайдовчи йўналиши бўйича “Китоблар олами” дўкони қаршисида амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 1, 3-қисмларида кўрсатилиб ўтилган талабларга риоя қилмаганлиги оқибатида ўзига нисбатан чап ён томонида ҳаракатланиб кетаётган номаълум транспорт воситасига урилиб кетмаслик мақсадида бошқарувидаги автомашинани олиб қочган ва ағдарилиб, йўл четидаги дарахтга бориб урилган. Натижада ҳайдовчи М.А. тан жароҳати олиб шифохонага мурожаат қилган.






