Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда шифохонада номаълум йигит томонидан шифокорга пичоқ билан ҳужум қилинганлиги акс этган видео тарқалди.
Мазкур — шифокорга бўлган тажовуз юзасидан суриштирув ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, Aндижоннинг Дукчи Ешон кўчасида рўйхатда турувчи фуқаро 29-феврал куни Республика Шошилинч тез ёрдам илмий маркази Aндижон филиалига опаси яшаш хонадонида йиқилиб, тан жароҳати олганлиги сабабли тиббий кўрикдан ўтказиш учун олиб келган.
Шифокор томонидан рўйхатга олиш жараёнида йигит опасига биринчи ёрдам кўрсатилмаётганлигига эътироз билдириб, қўлидаги темир буюмни шифокорлар томонга отиб юборган ва шовқин солиб шифохона тинчлигини бузган.
Суҳбат давомида фуқаро содир этган ҳаракатлари юзасидан пушаймонлигини билдириб, ўша куни қўлида пичоқ эмас, устачилик жараёнида ишлатиш учун мўлжалланган меҳнат қуроли бўлганлигини айтган. Шунингдек, қилган иши учун шифокорлардан узр сўрамоқда. Ҳозирда мазкур ҳолат Aндижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






