1

Тошкентда Санкт-Петербург давлат университетининг МДҲда биринчи филиали ташкил этилади

ЖАМИЯТ 14.03.2020, 12:02
Тошкентда Санкт-Петербург давлат университетининг МДҲда биринчи филиали ташкил этилади

Кеча, 13 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимқулов раҳбарлигида Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори Г. Рихсиева, Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консули A. Бабаев ва бошқалардан иборат делегация Санкт-Петербург давлат университетига ташриф буюрди.  

Ташрифдан кўзлаган асосий мақсад икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўлиб, хусусан, Ўзбекистонда Санкт-Петербург давлат университетининг филиалини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.  

Музокаралар натижасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирилиги ва Санкт-Петербург давлат университети ўртасида Тошкентда Россиянинг нуфузли университети филиали фаолиятини йўлга қўйиш бўйича англашув меморандуми имзоланди.  

– Бугун Ўзбекистонда жаҳоннинг яна бир нуфузли университетларидан бирининг филиалини ташкил этиш бўйича келишувга эришдик, – деди вазир ўринбосари У.Бегимқулов. – Янги филиал биотиббиёт ва шарқшуносликка ихтисослашади. Биотиббиёт – биз учун янги таълим йўналишидир. Филиалда кимё, биология, физика ва бошқа фанлар бўйича илғор фанлараро тадқиқотлар олиб борилади ҳамда бу жараёнга Ўзбекистоннинг етакчи тиббиёт ва фармацевтика компаниялари фаол жалб қилинади.

Ўз навбатида, Санкт-Петербург давлат университети ректори Николай Кропачев ҳам Ўзбекистонда таълим ва илмий лойиҳаларни амалга оширишдан жуда манфаатдор эканлигини алоҳида таъкидлади.  

Ташриф давомида шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Санкт-Петербург давлат университети ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришни кўзда тутган англашув меморандуми ҳам имзоланди.  

Маълумот учун, Санкт-Петербург давлат университети Россияда ташкил этилган биринчи  (1724 йил) университет ҳисобланади. Университет 9 нафар Нобель мукофоти лауреати, 6 нафар мамлакат Бош вазири ва Россия Федерациясининг 2 нафар президентини тайёрлаган олий ўқув юрти саналади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1