1

ХДП: “Ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам эҳтиёт қилайлик”

ЖАМИЯТ 16.03.2020, 00:22
Теглар: ХДП, коронавирус
ХДП: “Ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам эҳтиёт қилайлик”

Азиз ватандошлар, мамлакатимизда коронавирус қайд этилди ва зудлик билан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Алоҳида таъкидлаш керакки, тайёргарлик бугун, кутилмаганда бошлангани йўқ, вирус мамлакатимизга кириб келиши эҳтимоли юзага келган вақтдан зарурий чоралар кўрилган.

Бугун эълон қилинган чекловлар эҳтиёт чораларини кучайтириш мақсадида ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўрсатмалари асосида жорий этилганини тушунишимиз керак.

Барча тиббий муассасаларда карантин ҳолати эълон қилинганда бажарилиши лозим бўлган ишлар бўйича тиббий ходимларга керакли тушунча берилган.

ОАВ орқали маълум қилинганидек, вирус иммунитети паст бўлган, гигиена қоидаларига етарлича эътибор бермайдиган инсонларга осон юқади. Иммунитет эса инсон совуқ қотганда, очлик ҳолатида, айниқса, асабий ҳолатда кескин пасаяди. Шунинг учун ҳам асосийси ваҳимага берилмаслик, тартиб асосида овқатланиш, об-ҳавога муносиб кийиниш тавсия этилади.

Юртдошларимизга алоҳида эслатишимиз керакки, карантин касаллик тарқалиб кетмаслиги учун эълон қилинади. Шу сабабли мактаб ва боғча ёшидаги болалар заруратсиз кўчага чиқишини имкон даражасида чеклаш зарур.

Катта ёшдаги инсонларда иммун тизими сустлашгани сабабли уларга жамоа кўп йиғиладиган жойларга бормасликларини тавсия қиламиз.

Коронавирус ташқи муҳитга чидамсиз. Хоналарни тез-тез шамоллатиш, тозалаш, инсон қўли билан ушлаган тутқичлар ва бошқа жиҳозларни совун эритмаси ёки бошқа тозаловчи эритма билан артиб туриш керак. Вирус иссиққа чидамсиз, шу сабабли иссиқ сув билан оғизни чайиш, иссиқ чой ичиш тавсия этилади.

Карантин вақтида ваҳима кўтармаслик, вирусдан сақланиш қоидаларига қатъий риоя қилиш энг тўғри йўл бўлади. Мамлакатимизда вирус ёйилмаслиги ҳар биримизнинг санитар одобимиз ва эҳтиёткорлигимизга боғлиқ эканини унутмайлик. Шу билан ўзимизни, яқинларимизни, бошқа инсонларни ҳам кўнгилсизликлардан ҳимоя қилган бўламиз.

Халқ демократик партияси мамлакатимиздаги эҳтиёт чораларига мувофиқ равишда карантин муддати расман якунлангунга қадар жамоатчилик билан ўтказиладиган акция ва тадбирлари, ўта зарурати бўлмаган йиғилишлари қолдирилишини маълум қиламиз. 

Сизга ва оилангизга соғлик, омонлик тилаймиз.

Мақсуда Ворисова,

Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1