1

Наримон Умаров: "Ваҳима қилиш эмас, бирлашиш вақти келди!"

ЖАМИЯТ 16.03.2020, 00:28
Теглар: Адолат СДП, коронавирус
Наримон Умаров: "Ваҳима қилиш эмас, бирлашиш вақти келди!"

Бир неча кундан буён кўча-куйда, ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекцияси фуқароларимиз учун энг асосий мавзуга айланди. 

Айниқса, мамлакатимизда ҳам коронавирус билан касалланиш ҳолати қайд этилгани тўғрисидаги хабардан сўнг муҳокамалар янада қизғин тус олди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг 11 март куни Президентимизнинг мазкур касалликни ортиқча талафотларсиз ўтказиш бўйича бўлиб ўтган йиғилишидаги топшириқлари асосида ҳукумат томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани ва у изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўтказилган бугунги мажлис ҳамда брифингда батафсил ахборот берилди. 

Бундан кейин ҳам касаллик профилактикаси ва унинг кенг тарқалмаслиги учун мутасадди ташкилотлар барча чораларни кўради. 

Мазкур жараёнларда касалликни кенг тарқалмаслиги ва олдини олиш бўйича депутатларимиз томонидан ҳам аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб боришлари лозим бўлади.

Ҳурматли фуқаролар, ушбу касаллик сизни четлаб ўтиши учун, энг асосий масъул аввало ўзингиз бўласиз. 

Шахсий гигиена қоидаларига мунтазам амал қилиш, тегишли ҳимоя воситаларидан фойдаланиш ва бошқа зарурий эҳтиёт чораларини кўриш орқали сиз ўзингиз ҳамда яқинларингизни коронавирус инфекциясидан бемалол ҳимоялашингиз мумкин.

Бундан ташқари, ушбу кунларда халқимизга хос бўлган оғир-вазминлик, бирнинг муаммосини эл муаммоси деб қабул қилиш, синовларда бирлашиш каби азалий қадриятларни кўрсатиш вақти келди. 

Унутманг, ваҳима қилиш билан касаллик чекиниб қолмайди, аксинча унинг талафотлари ортиши мумкин. 

Шу боисдан ҳар биримиз ўз соғлиғимизни асраш орқалигина коронавирус инфекциясини мамлакатимизда кенг тарқалишини олдини олишимиз мумкин.

Зеро, ваҳима қилиш эмас, бирлашиш вақти келди.

Наримон УМАРОВ,

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси.

#vahimasizkarantin

#карантинбезпаники  

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1