Ижтимоий тармоқларда "Фарғонада вояга етмаган мактаб ўқувчиларининг ҳомиладор бўлиб қолишлари одатий ҳолга айланмоқдами?" ёки "Вояга етмаган ўқувчиларни наркотик моддалар билан ким таъминлаяпти?" сарлавҳали хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси муносабат билдирди.
"Ижтимоий тармоқларда юқоридаги мазмунда хабар тарқатилиб, унда Фарғона вилоятининг (бўҳтончининг хабарини тарқатмаслик мақсадида туман номи ва мактаб рақамини қайта тилга олмадик) иккита туманида 9-синф ўқувчи қизларнинг ҳомиладорлик ҳолатлари ва ҳатто наркотик моддалар истеъмол қилишлари, бундай ҳолатларга таълим ташкилотлари, мутасаддилар эътибор қаратмаётганини иддао қилинган. Юқоридаги ҳолат вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан назоратга олиниб, маҳалла фаоллари ҳамда ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан бу важлар атрофлича ўрганилди ва таҳлил қилинди. Мурожаатда кўрсатилган фактлар умуман ёлғон ва асоссиз бўлиб, тасдиғини топмади.
Ўзини адолат тарафдори деб кўрсатишга ҳаракат қилиб, асосиз уйдирмаларни тарқатаётаётган кимса бу туҳматлари билан нималарга эришмоқчи?
Қадрли юртдошлар! Юқорида айтилган хабар ёлғон (фейк) бўлиб, бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликни сўраймиз!" — дейилади Бошқармас ахборот хизмати жавобида.






