Аввал хабар қилинганидек, кеча 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда қайд этилишича, Ўзбекистонда айни вақтда 16 мингдан ортиқ киши карантинга жойлаштирилган. Давлат раҳбари томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга карантин назоратини таъминлаш юклатилди.
Касалланганларни ўз вақтида аниқлаш ва профилактикага эътиборни кучайтириш, бунинг учун барча ҳудудий юқумли касалликлар шифохоналарини экспресс-тестлар билан таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтга қадар Ўзбекистонда коронавирус билан касаланганлар сони 23 нафарни ташкил этмоқда.