Францияда коронавирус билан касалланганлар сони бир кунда қарийб 2 минг кишига кўпайди ва 11 минг кишига етди. Касалликдан 372 нафар бемор вафот этди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Жером Саломон маълум қилди, деб ёзмоқда «РИА Новости».
«Францияда эпидемия кучаймоқда. Бугун бизда 10995 та тасдиқланган ҳолат мавжуд», — деди Саломон брифингда. Унга кўра, 4461 киши касалхоналарга жойлаштирилган. Улардан 1112 кишининг аҳволи оғир.
Ўтган кун давомида касаллик туфайли вафот этганлар сони 100 тага кўпайган ва 372 кишини ташкил қилган. 18 март куни 9134 та ҳолат ва 264 киши вафот этгани маълум бўлган.
«Касалланганларнинг сони ҳар тўрт кунда икки баравар кўпаймоқда. Энг кўп зарар кўрган олтита минтақа ҳанузгача Корсика, Гранд-Эст, Иль-де-Франс, Бургундия - Франш-Комте ва Овернь - Рон-Альп бўлиб қолмоқда», — деди Саломон.
Франциядаги коронавирус эпидемияси учинчи даражага ўтди. 17 мартдан бошлаб Франция камида икки ҳафта давомида одамлар ҳаракатига қатъий чекловлар қўйди. Мамлакатда кафелар, ресторанлар, кинотеатрлар ва ноозиқ-овқат дўконлар ёпилган. Дорихоналар, озиқ-овқат дўконлари, банклар, ёнилғи қуйиш шохобчалари ва тамаки дўконлари очиқ қолмоқда.