АсосийJamiyat

Жума намозини уйда ўқиса бўладими? Ўзбекистон мусулмонлар идораси жавоб берди

'Жума намозини уйда ўқиса бўладими? Ўзбекистон мусулмонлар идораси жавоб берди'ning rasmi

Бир неча кунлардан бери юртимизда Коронавируси тарқалишини олдини олиш мақсадида кенг миқёсда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси билан жорий йилнинг 16 мартидан бери беш вақт жамоат намозлари ва жума намозига жамланмаслик, балки намозларни уйда адо этиш жорий этилди.

Бугун жума куни бўлиши муносабати билан: “Жума намозини ўйда ўқисак бўладими?” – деган саволлар кўпайди. Бунга жавобан айтамизки, шу кунларда аксар мусулмон юртларининг халқаро ва маҳаллий фатво уюшмалари, уламолари мўмин-мусулмонларнинг жонларини омон сақлаш учун масжидларда йиғилмаслик, хавф ўтиб кетгунча ибодатларни уйда адо этиб туриш қарорига келишган. Бунга етарлича асос борлигини ва масала жиддий эканлигини эслатишган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвосида ҳам жума намози ўрнига уйда пешин намози адо этилиши айтилган.

Фиқҳий манбаларимизга мурожаат қиладиган бўлсак, жума намози дуруст бўлиши учун жума намозига давлат бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан умумий рухсат (изни омма) бўлиши, жума намозини одамларга муфтий томонидан тайинланган киши адо қилиб бериши керак. Демак, жума намозини уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди, натижада намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳақида муҳаққиқ олим Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

والإِذْنُ العَامُّ) أي وشرط لأدائها الإذن العامّ لأنها من شعائر الإسلام، فيجب إقامتها على وجه الاشتهار بين الأنام)

яъни: “Жумани адо қилиш учун умумий рухсат (изни омма) бўлиши шарт қилинган. Чунки жума – Ислом шиорларидан бири. Уни одамлар орасида очиқчасига қоим қилиш шарт бўлади” (“Фатҳу бобил иноя” китоби).

Бу мавзуда Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

الْإِذْنُ الْعَامُّ وَهُوَ أَنْ تُفْتَحَ أَبْوَابُ الْجَامِعِ وَيُؤْذَنَ لِلنَّاسِ ، حَتَّى لَوْ اجْتَمَعَتْ جَمَاعَةٌ فِي الْجَامِعِ وَأَغْلَقُوا الْأَبْوَابَ وَجَمَعُوا لَمْ يَجُزْ

яъни: “Умумий рухсат – жоме масжиди очилиб, одамлар киришига рухсат бўлишидир. Ҳатто, агар масжидда бир жамоат йиғилиб, эшикни ёпиб олиб жумъа намозини ўқисалар, намозлари дуруст бўлмайди” (“Раддул муҳтор” китоби).

Эътибор берилса, бу масалада, умумий рухсат бўлмаганда, ҳатто бир жамоат масжидга кириб, ўзларича жума ўқисалар ҳам, намозлари дуруст бўлмаслиги баён қилинмоқда.

Хулоса ўрнида айтамизки, ҳозирги шароитда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Нафл ибодатлар, тиловати Қуръон, дуо-тасбеҳлар, қийин шароитда қолганларга хайру эҳсон қилиш каби Аллоҳ таолога хуш келадиган амалларни кўпайтирайлик. Бошимизга келган синовни ҳам савоб ишлаш учун ғанимат фурсат, деб билайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло тез кунларда фазилатли, катта жамоатларда намозларни адо қилишни насиб айласа, халқимизга хотиржамликни қайтарса. Аллоҳ таоло дунё мусулмонлари, жумладан халқимиздан турли бало-офатларни узоқ қилсин! Омин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар