АсосийJamiyat

Ucell мобил оператори абонентларига Халқ таълими вазирлигининг электрон ресурсларидан бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этди

'Ucell мобил оператори абонентларига Халқ таълими вазирлигининг электрон ресурсларидан бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этди'ning rasmi

Ucell мобил оператори ўз абонентларига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг электрон ресурсларидан бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этди.

Вазирлик берган хабарга кўра, икки томоннинг келишувига кўра Ucell мобил оператори абонентлари халқ таълими тизимининг 9 та электрон ресурсларидан мобил интернет-трафик сарфламасдан фойдаланиши мумкин.

Жумладан, Ucell мобил оператори абонентлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий сайти (www.uzedu.uz), OpenEMIS Таълим муассасасини бошқариш ахборот тизими (emis.uzedu.uz), ХТВ Ахборот-таълим портали (eduportal.uz) ва Республика болалар кутубхонаси веб-сайтида (kitob.uz) жойлаштирилган адабиёт, видеоқўлланмалар ва турли хил материаллардан мобил интернет-трафик сарфламасдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Мобил операторнинг нархланмайдиган трафиги, шунингдек, Ўзбекистон мактабларида қурилиш ва таъмирлаш ишларини онлайн-мониторинг тизими (stat.uzedu.uz), Инновация, технология ва стратегия марказининг расмий сайтига (www.itsm.uz) ҳам тақдим этилмоқда.

Ўз билимларини доимо оширишни истаган мобил оператор фойдаланувчилари Khan Academy (uz.khanacademy.org) ва Kundalik рақамли таълим платформаси (www.kundalik.com) ресурсларидан ҳам мегабайтларни сарфламасдан баҳраманд бўлишлари мумкин.

- 2020 йил мамлакатимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди ва тегишли давлат дастури қабул қилинди. Дастурда умумтаълим муассасаларида ўқувчиларни электрон ўқитиш бўйича, шу жумладан электрон синф журнали, ўқувчилар кундаликларини рақамлаштириш ва электрон материаллар кутубхонасини (дарсликлар, видеодарслар, виртуал лабораториялар ва бошқалар) ўз ичига олган ахборот тизимларини қоғоз ҳужжатларни бекор қилган ҳолда тажриба тариқасида жорий этиш белгиланган. Мазкур ҳамкорлик Ucell мобил оператори хизматларидан фойдаланаётган ўқитувчи ва ўқувчиларимизга қўшимча имконият яратади.

Таълимни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси ҳамда коронавирус туфайли карантин эълон қилинган пайтда ҳамкорликда иш олиб бораётгани учун Ucell мобил операторига миннатдорчилик билдирамиз. Халқ таълими вазирлиги республикада фаолият олиб бораётган бошқа компанияларни ҳам таълимни ривожлантиришда ҳамкорликка чақиради, — дея таъкидлади Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда UMS мобил оператори ҳам ўз абонентларига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги электрон ресурсларидан мегабайтларни сарфламасдан фойдаланиш имкониятини тақдим этган.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар