Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида ҳам “Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин”, дея алоҳида таъкидлади.
"Дарҳақиқат, майитга жаноза намозини ўқиш фарзи кифоя бўлиб, вафот этганнинг яқинлари иштирокида адо этилса ҳам бўлади.
Мўътабар манбаларда ҳадиси шарифларга таянган ҳолда улуғларимиз қазо қилган одамнинг жаноза намозини тезлик билан адо этиб, дафн этишга шошилганлари баён этилган.
Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидалари – қўлларни ювиш, тиббий ниқобларни тақиш ва бошқаларга жиддий амал қилиш лозим бўлади. Шунингдек, махсус комиссия қарорида қайд этилганидек, худойилар ҳам 10-15 киши атрофида ўтказилади."






