ria.ru Financial Times га таяниб, Германияда коронавирус борасида аномал ҳолат кузатилаётгани ҳақида ёзди. Гап шундаки, мамлакатда COVID-19 касаллиги тарқалиши даражаси юқори, лекин ўлим ҳолати камдир.
Нашрнинг қайд этишича, коронавирус Германияга «бор кучи билан зарба берди» ва мамлакатда касалланиш ҳолатлари ортиб бормоқда. 19 март куни мамлакатда касалланганлар сони 13 979 кишини ташкил этган. Бу Хитой, Италия ва Испаниядан бошқа барча давлатлардаги ҳолатлардан кўп.
Бироқ мамлакатда шу вақтгача фақат 42 та коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилган. Таққослаш учун, қўшни Францияда 9 058 киши касалланди, 243 киши вафот этди, Испанияда эса 17 395 нафар беморга 803 та ўлим ҳолати тўғри келди. Бундан ташқари, коронавирусдан ўлим ҳолати Германияга нисбатан АҚШ, Буюк Британия ва ҳатто Жанубий Кореяда ҳам юқорироқ.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай аномал ҳолатнинг сабаби Германияда коронавируснинг тарқалиши нисбатан эрта босқичда экани ва касалланганлар бошқа мамлакатлардагига қараганда ёшроқ эканида, дейилмоқда.
Ҳозирда мамлакатда олиб борилётган тадқиқотларда ушбу аномалияни келтириб чиқариши мумкин бўлган бир қатор сабаблар ўрганилмоқда.
Қайд этиш лозимки, Германияда бутун дунёда пандемияга сабаб бўлган касалликни даволаш ва олдини олишдан ташқари илмий тадқиқотларга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда. Мамлакат лабораторияларида ҳар ҳафта қарийб 160 мингта текширув ўтказилади. Бу Европанинг исталган бошқа давлатлари умумий ҳисобда ўтказган текширувлардан ҳам кўп.






