АОКА ҳузуридаги штабда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев билан онлайн брифинг бўлиб ўтди.
Брифинг "УзРепорт" телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Мулоқотда имконияти чекланган ўқувчилар учун ташкил этиладиган онлайн дарслар ҳақида савол берилди.
Савол: Ҳаммамизга маълумки, карантин сабабли онлайн дарслар ўтказиляпти. Нима учун имконияти чекланган, кўзи ожиз, кар ва соқовлар учун дарслар ташкил қилинмаяпти?
Жавоб: Хабарингиз бор, 2020 йил 16 мартдан умумтаълим мактаб ўқувчилари учун таьтил эълон қилинди. Ўқувчиларимизнинг таътил вақтларини мазмунли ўтказиш ва ўқув дастурда белгиланган билимларни ўз вақтида ўзлаштириш мақсадида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда телевизион дарсларни тасвирга олиш ишлари бошланган.
Маълумот учун айтиб ўтиш керак, телевизион дарсларни миллий телерадиокомпания таркибидаги 4 та каналда намойиш этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг Ёшлар телеканалида — 1-4-синф, “Оилавий” телеканалида — 5-8-синф, ва “Маданият ва маърифат” телеканалида — 9-11-синф ўқувчилари учун, “Дунё бўйлаб” телеканалида барча амалий фанлардан маҳоратли ўқитувчилар томонидан телевизион дарслар олиб борилади. Телевизион дарсларни тасвирга олишда имконияти чекланган болаларни ўқитиш ҳам инобатга олинган.
Барча дарс машғулотлари кар ва заиф эшитувчи болажонларга ҳам тушунарли бўлиши учун сурдопедагог ҳамда сурдотаржимонлар томонидан синхрон равишда таржима қилинмоқда. Кўзи ожиз болалар эса телевизион дарс машғулотларини овозли эшитиб, тушуниб олишларига имкон яратилади. Бу жараёнга соҳа мутахассислари жалб этилган.
@koronavirusinfouz
#vahimasizkarantin
#карантинбезпаники






