Аввалроқ, махсус ташкил этилган Ҳукумат комиссияси ўқувчиларнинг таътил пайтида билим олиши учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканаллар билан ҳамкорликни йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.
Маълумотларга кўра, телевизион дарслар миллий телерадиокомпаниянинг 4 та каналида эфирга узатилиши режалаштирилган: 1-4-синфлар учун “Ёшлар” телеканалида, 5-8-синфлар учун “Оилавий”, 9-11-синфлар учун “Маданият ва маърифат”, амалий фанлар ва 5 та муҳим ташаббус билан боғлиқ машғулотлар “Дунё бўйлаб” телеканаллари орқали эфирга узатилади.
Сўнгги кунларда кўпчилик ота-оналарда савол туғилди: Болаларнинг дарс қилаётганликларини расмга олиб, уларни мактабга ҳисобот тариқасида жўнатиш керакми?
Ушбу масалага Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев ойдинлик киритди.
“Вазирлик томонидан ўқитувчи ёки ота-оналардан уйда дарс тайёрланаётгани ҳақида ҳисобот (фотосурат) юборишлари ҳақида ҳеч қандай топшириқ берилмаган. Фурсатдан фойдаланиб, барча ота-оналарга, педагогларга мурожаат қилиб айтмоқчимиз, ҳеч қандай ортиқча ҳисобот, қоғозбозлик ёки фотосуратлар талаб этилишига йўл қўйилмайди”, деди вазир ўринбосари.






