Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси тузилди.
Мажлисда комиссия раиси ва таркиби сайланди. Комиссияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова раис этиб сайланди.
Таъкидланганидек, комиссия ўз фаолиятида жойларда ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари ва ўрганишлар давомида оила ва хотин-қизлар масалаларига оид қонун ҳужжатларида аниқланган бўшлиқ, камчилик ва муаммоларни таҳлил қилиб бориш, шу асосда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига оила ва хотин-қизларга оид масалалар бўйича аниқланган қонун бузилишлари ҳамда уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар киритади.
Шунингдек, оилани мустаҳкамлашга, оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилишга, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётда аёлларнинг иштирокини янада фаоллаштиришга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади






