Мактаблар ёпилди, дарслар бошлангандан кейин тўхтатилган жойидан давом эттириладими?
Ушбу саволга Халқ таълими вазирининг матбуот котиби Анвар Умаров АОКАда ўтказилган брифингда жавоб берди.
" Йўқ. Чунки дарслар тўхтатилган кун, яъни 16 мартдан 20 мартга қадар ўқув йилининг 3 чорак якунига тўғри келганлиги сабабли, бу даврда ўқув дастурига асосан аксарият мавзулар такрорлаш ёки ўтилган мавзуларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Шу боис карантин режими тугатилиб, дарслар бошлангандан кейин айнан тўхтатилган мавзудан бошлашга эҳтиёж қолмайди. Чунки ўқувчилар учун тайёрланаётган телевизион дарслар орқали ана шу бўшлиқ тўлдириб кетилмоқда."
Мактаб дарслари масофавий ва мустақил ўзлаштирилади, дейилди. Дарслар бошланганда шу дарслардан имтиҳонми ёки шунга ўхшаш бирор нарса бўладими? Ўзлаштирилганлиги қандай аниқланади?
"Телевизион дарсларни параллель равишда интернет тармоғида вазирликнинг расмий веб-сайтида, kundalik.com ҳамда онлайн мактаб электрон портали орқали кузатиб боришга имкон яратилади.
Kundalik.com орқали ўқитувчилар ўқувчиларнинг видеодарслар орқали билим олишини назорат қилиб, баҳолаб боради."






