Бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига айрим фуқаролар ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этмоқда. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
Жумладан, карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар Республикамиз бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 3649 та ҳолат аниқланган. Улар:
- Тошкент шаҳрида – 476 та ҳолат;
- Тошкент вилоятида – 259 та ҳолат;
- Жиззах вилоятида – 415 та ҳолат;
- Бухоро вилоятида – 276 та ҳолат;
- Самарқанд вилоятида – 538 та ҳолат;
- Қашқадарё вилоятида – 11 та ҳолат;
- Сурхондарё вилоятида – 221 та ҳолат;
- Хоразм вилоятида – 52 та ҳолат;
- Сирдарё вилоятида – 53 та ҳолат;
- Фарғона вилоятида – 506 та ҳолат;
- Навоий вилоятида – 104 та ҳолат;
- Наманган вилоятида – 281 та ҳолат;
- Андижон вилоятида – 316 та ҳолат;
- Қорақалпоғистон Республикасида – 141 та ҳолатни ташкил этмоқда.
Карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан, ҳамон қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда.
Мисол учун, Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Эшонгузар Қ.Ф.Й., Х.Нуғмон кўчаси, 13-уйда яшовчи, 1992 йилда туғилган, фуқаро Ж.Р. тиббий кузатув остига олинганлигига қарамасдан, 25 март куни соат 12:00 ларда яшаш манзилидан чиқиб кетганлиги учун Тошкент шаҳри Учтепа туман ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан ушланган.
Жиззах вилояти, Бахмал тумани, Дўстлик М.Ф.Й., Оломон қишлоғида истиқомат қилувчи, 1995 йилда туғилган, фуқаро И. А. умумий овқатланиш ва кўнгилочар жойлар фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, 24 март куни соат 10:00 ларда ушбу ҳудудда жойлашган ўзига қарашли “Шашлик маркази” номли чойхонада 6 нафар мижозларга хизмат кўрсатаётганлиги аниқланган.
Бухоро вилояти, Бухоро тумани, Чорбакр М.Ф.Й., Чоқпич кишлоғида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро А.Ж. ҳудудий профилактика инспектори томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, 24 март куни соат 20:30 ларда ўзига тегишли бўлган Бухоро шаҳар, Ибн Сино кўчасидаги "Бек" кафесида 3 нафар мижозга хизмат кўрсатаётганлиги аниқланган.
Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Катта Тагоб маҳалласи, Анорзор кўчаси, 23-уйда яшовчи, ўз яшаш манзили бўйича карантинда сақланган, 21 март куни Қозоғистондан келган 1986 йилда туғилган, фуқаро Б.Т. 23 март куни соат 11:00 ларда уйига қариндошларини меҳмонга чақирганлиги аниқланган.
Юқоридаги каби ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузар фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан мамлакатимиздаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган уйдирмалар, шунингдек, асоссиз маълумотларни тарқатаётган аккаунтларни аниқлаш ва уларнинг эгаларига нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Бугунги вазиятда ички ишлар органларининг бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда коронавирусга қарши кураш олиб бориб, карантин қоидалари ва санитария чекловларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш орқали юртдошларимиз саломатлигини ҳимоя қилиш асосий вазифаси бўлиб қолмоқда.
Таъкидлаб ўтаман, ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз шарт.






