Шартнома асосида Корея Республикасига борган ва меҳнат фаолиятини муваффақиятли битириб, Ўзбекистон Республикасига қайтиб келган фуқаролар учун 2020 йил 7 апрель куни бўлиб ўтиши режалаштирилаётган махсус тест имтиҳони муддати узайтирилиши тўғрисида эълон берилди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Корея Республикаси Меҳнат вазирлиги ўртасида тузилган “Ишчиларни Бандликка рухсат бериш тизими асосида Корея Республикасига юбориш бўйича” Англашув Меморандумига мувофиқ, Корея томонидан тақдим этилган рўйхатга асосан махсус тест имтиҳони 2020 йил 7 апрелдан 4 майгача бўлиб ўтиши режалаштирилган эди.
Ҳозирги кунда коронавирус инфекцияси юртимизда аниқланганлиги сабабли унинг ҳудудларда тарқалишининг олдини олиш мақсадида вилоятлараро барча турдаги транспорт қатновлари, барча турдаги оммавий тадбирлар, шу жумладан байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар ўтказилиши тўхтатилган.
Шу муносабати билан 2020 йил 12-17 март кунлари онлайн рўйхатдан муваффақиятли ўтган 1619 нафар фуқаро учун махсус тест имтиҳонини ўтказиш номаълум муддатга қолдирилганлиги маълум қилинади.
Эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашиши билан махсус тест имтиҳони ўтказиладиган сана тасдиқлангандан сўнг имтиҳон қатнашчилари Агентликнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқдаги каналлари орқали хабардор қилинади.
Корея Республикаси иш берувчилари томонидан шартнома лойиҳалари ва виза тасдиқномалари берилган ҳамда 2020 йил март-апрель ойларида Корея Республикасига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жўнатилиши режалаштирилган номзодларга қуйидагиларни маълум қилинади:
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига коронавирус СОVID-19 (COronaVIrus Disease-19) инфекцион касаллиги кириб келганлиги сабабли 2020 йил 16 март кунидан карантин эълон қилинган. Ҳукумат Махсус комиссияси қарорига мувофиқ дунёнинг барча давлатлари билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида халқаро авиа, темир йўл ва автобус алоқалари ва барча чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон фуқароларининг хорижий давлатларга қатновлари вақтинчалик тўхтатилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, шартнома лойиҳалари келган Ўзбекистон фуқароларини Корея Республикасига меҳнат фаолиятини олиб бориш учун юборилиши номаълум муддатга қолдирилганлигини маълум қиламиз.






