Юртимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича кучайтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан таътил берилган ўқувчиларнинг уйда бўлишига қарамай, 4-чорак ўқишларини телевидение ва интернет орқали бошлаш кўзда тутилмоқда.
Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўз каналида маълум қилди.
Хабарда айтилишича душанба – 30 март кунидан бошлаб ҳар куни соат 8:30дан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда тайёрланган дарслар 3 та канал орқали намойиш этилади (1-4, 5-8, 9-11 синфлар учун биттадан канал).
"Карантин даврида фарзандларимиз ўқишини давом эттириши учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ фидоий педагоглар иштирокида телевизион дарслар тасвирга олинди. Улар орасида давлат мукофоти соҳиблари, дарслик муаллифлари, йилнинг энг яхши фан ўқитувчилари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Ушбу жараёнда иштирок этаётган барча педагогларимизга, Миллий телерадиокомпанияси раҳбарияти ҳамда ижодий жамоасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз", дейилади ушбу хабарда.





