АсосийЖАМИЯТ

Коронавирус аниқланган андижонлик оила борган муассасалар 14 кунлик карантинга олинди

Андижонда бир оила аъзолари – 3 нафар фуқарода коронавирус аниқланган, эр-хотин ва унинг т...

'Коронавирус аниқланган андижонлик оила борган муассасалар 14 кунлик карантинга олинди'ning rasmi

Андижонда бир оила аъзолари – 3 нафар фуқарода коронавирус аниқланган, эр-хотин ва унинг талаба қизида тасдиқланган эди. Касаллик ташхиси қўйилган аёл 10-11 март кунлари Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ва унинг қизи ҳам Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида 10-18 март кунлари бўлиб, Андижонга қайтганлар.

Аёлнинг эрида касаллик аломатлари аниқланганидан сўнг ўтказилган тиббий текширув натижасида бир оиланинг 3 та аъзосида коронавирус аниқланган. Улар ҳозирда махсус шифо масканидалар. Умумий аҳволи қониқарли, алоҳида ҳолатда тиббий назоратда даволанмоқдалар. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра ушбу 3 нафар коронавирус аниқланган шахслар ташриф буюрган барча ташкилотлар, яъни, Андижон шаҳрида жойлашган Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси, Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали ва Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси зудлик билан 14 кунга вақтинча ёпилиб, карантин эълон қилинди, деб ёзилади хабарда.

Беморнинг уйи, қариндошлари, танишлари, касбий мулоқотда бўлган шахслар ҳам алоҳида назоратга олинган.

Шу муносабат билан, Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг фаолияти карантинга олиниши муносабати билан Андижон шаҳар болалар шифохонасига юклатилган.

Андижон Давлат тиббиёт институти клиникаси ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг фаолияти Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига берилган.

Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг хизмат фаолияти карантин мобайнида Андижон шаҳрининг бошқа 8 та оилавий поликлиникаларига тақсимланган.

Андижонда туғруқхоналар, тез тиббий ёрдам – 103 хизмати, барча поликлиникалар, барча шифохоналар, шунингдек, ҳусусий шифо масканлари аҳолига тиббий хизматни қатъий тиббий-санитария қоидалариги риоя қилиб, чегараланган ҳолда давом эттирмоқдалар.

Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати хабарига кўра коронавирусга гумон қилинганларни телефон орқали мулоқот, суриштирув ва хабарлар асосида махсус ҳимояланган тиббий бригадалар таркибидаги шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказмоқдалар. 

Мутасаддилар аҳолини огоҳлантиради: Аввало ўзингизни ва оилангизни касаллик юқишидан сақланг, уйда қолинг, касалликка гумон қилсангиз – уйдан чиқмасдан албатта шифокорларга хабар беринг!
 

Бошқа янгиликлар