Нишон туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ихтиёр Умаровнинг айтишича, қилинишича, Нишон тумани “Юксалиш” маҳалласида яшовчи У.У. вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг фуқаролар мурожаати учун ташкил этилган Телеграм манзилига хабар қолдириб, Нишон туманидаги савдо дўконларида ун нархи 240-250 минг сўмга чиққани, бир қоп ун учун одамлар навбат талашиб, тўполон бўлаётганини ёзиб қолдирган.
Вилоят ҳокими топшириғига кўра, вазият ўрганилганда мурожаатчи айтган манзилда Тошкентда ишлаб чиқарилган бир қоп ун 148 минг сўм, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ун эса 178 сўмдан сотилаётгани маълум бўлган.
У.У. билан суҳбат чоғида у қариндоши савдо дўконида ун 250 минг сўмдан сотилаётганини, одамлар ун учун уришиб-талашаётганини телеграмга ёзишини сўраганини айган.
Туман ҳокимлиги, ИИБ ходимлари У.У.га жамоатчилик ўртасида асоссиз ваҳима уйғотувчи ёлғон маълумот тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлишини тушунтиргач, фуқаро бунинг ҳуқуқий оқибатларини тушунмаганини, ишидан пушаймонлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 миллион 900 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.






