Парламент қуйи палатаси Кенгаши қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг маълум қилди.
А.Саидовнинг айтишича, ЕОИИ таркибига тўлақонли аъзо бўлиб кириш ёки кузатувчи мақомига эга бўлишдан олдин ҳар бир мамлакат ва унинг фуқаролари, энг аввало, ЕОИИга оид ташкилий-ҳуқуқий муносабатларни, тартибга солувчи органлар ва уларнинг фаолиятини, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини, шунингдек, ўзаро келишув ва битимлар мамлакат учун нима манфаат бериши ёки қандай салбий оқибатларга олиб келишини чуқур таҳлил қилиши мақсадга мувофиқ.
Шу боис, Кенгаши қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.
Ишчи гуруҳи вазифалари:
- ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиш;
- қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларига ЕОИИ билан ҳамкорликнинг мослигини ўрганиш;
- ҳамкорликнинг ҳар бир иқтисодиёт тармоғига ижобий ва салбий таъсирини батафсил ёритиб бериш;
- ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсирини ҳар томонлама кўриб чиқиш.
Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамаси ушбу йўналишдаги ишларни анча олдин бошлаган. Бу борадаги таҳлилий ва тизимли баҳолаш ишлари якунланиб, тегишли аналитик материаллар Қонунчилик палатасига киритилган.
"Ҳукумат олдига аниқ вазифалар қўйилди. Чунончи, Ишчи гуруҳини Ўзбекистонинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласига тааллуқли барча ахборот-таҳлилий маълумотлар билан таъминлаши, заруратдан келиб чиқиб, фракциялар ҳамда қўмиталарнинг ушбу масала юзасидан ўтказиладиган мажлисларида мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларининг иштирокини кафолатлаши белгиланди. Шу билан бирга, кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш ва уларнинг хоҳиш-иродасига таянган ҳолда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи юзасидан фуқаролар ҳамда бизнес ҳамжияти ўртасида ижтимоий сўров ўтказиш, унинг якунлари юзасидан таҳлилий маълумотларни тақдим этиш назарда тутилди.
Қуйи палатада Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ушбу маълумотлар билан бирга, барча фракциялар ва қўмиталарнинг хулосалари ҳам олинади ва умумлаштирилади.






