ОАВда 2020 йил 28 март куни “Уйига бора олмай йўлда қолаётганлар нима қилсин?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мақолада Тошкент шаҳрида вақтинча ишлаган, аммо карантин туфайли уйга қайтишга мажбур бўлган, бироқ кетишга имкони етмаётган одамлар муаммоси тилга олинди.
Муаммонинг кўтарилишига ижтимоий тармоқлар орқали тушаётган мурожаатлар, қолаверса, “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот Республика марказининг “Долзарб алоқа тармоғи”га ёрдам сўраб қилинган ўнлаб қўнғироқлар сабаб бўлди.
Гап шундаки, Тошкентдан Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларига қатновчи киракашлар йўл ҳақини бир кишига 400-500 минг сўмга чиқариб юборгани оқибатида юзлаб одамлар кета олмай, йўлларда сарсон бўлган. Тўлашга пули етмаган, қолишга жойи йўқ одамлар эса чорасиз қолган.
Мақола Сенат Раиси Танзила Норбоевага мурожаат сифатида юборилганидан сўнг, вазият назоратга олинди. Муаммо кўтарилганда, юзга яқин одамнинг қийналаётгани ҳақида сўз борган бўлса, кейинчалик бундай одамлар сони кўплиги маълум бўлди.
Бу “Истиқболли авлод” ташкилоти ҳуқуқшуноси Нилуфар Ортиқовага ёрдам сўраб қўнғироқ қилаётган одамларни рўйхатга олиш жараёнида аниқланди.
Ижтимоий тармоқлар орқали кета олмай қийналаётганлар “Эркин” постига келишини сўраб мурожаат қолдирганимиздан сўнг эса мазкур постга 2 мингга яқин одам йиғилди.
Қувонарлиси, ушбу вазият бўйича ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам бефарқ бўлмади. Қийналганларга ёрдам қўлини чўзиш ҳақида фикрлар билдирилди, аммо айримлар “баттар бўлсин, вақтида кетмагани учун”, деган таъналар ёғдиришдан ҳам тоймади.
Сенат Раисининг шахсан топшириғи билан тегишли ташкилотлар томонидан вилоятларга кетувчи махсус автобуслар ташкил этилди ва 2 мингга яқин киши кеча кечқурунга қадар уйларига жўнатилди.
Кечаги тонг “ёрдам беринг” деган тинимсиз қўнғироқлар билан бошланиб, одам қанчалик безовта бўлган бўлса, бугунги тонг “раҳмат, етиб келдик!” деган ёруғ қўнғироқлик билан бошланди.






