Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг хабари.
Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланди.
Маълумот ўрнида:
- Тошкент шаҳридаги Давлат хизматлари марказлари орқали 10000 дан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали 6000 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди. Ҳозирга пайтгача 1 кун ичида тезкор равишда 5500 та рухсатномалар расмийлаштирилди.
Бу ҳол карантин талабларининг бузилишига, кўплаб фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида бир жойда тўпланишига сабаб бўлди. Бундан ташқари айнан шу масалада фуқаролар томонидан кўплаб мурожаатлар бўлди. Шунинг учун амалдаги тартибни такомиллаштириб, республикада автотранспорт ҳаракати билан боғлиқ келиб тушган таклифларни эътиборга олиб, янги тартиб ишлаб чиқилди.
Эндиликда автотранспорт воситаларини бошқариш учун берилалиган рухсатнома (стикер) учун аризани масофадан туриб, яъни онлайн тарзда топширилиши бўйича тизим жорий этилди.
Унга кўра, махсус рухсатномани бериш бепул амалга оширилади. Бунинг учун онлайн шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сўровнома тўлдирилиши лозим.






