“Роспотребнадзор” сайтида эълон қилишича, Россия эпидемология илмий тадқиқотлар маркази олимлари томонидан инсон танасида коронавирус мавжудлигини текширишда ёлғон натижа бермайдиган, ўта аниқлик билан таҳлил қиладиган тест яратилди. Бу ҳақда УзА хабар берган.
"Диагностик тўпламнинг клиник синови муваффақиятли якунланди ва 25 март куни Россия ҳудудида фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказилди", - дейилади ушбу хабарда.
Янги тест барча замонавий талабларга жавоб беради ва бир текширишда нафақат SARS-CoV-2 ни аниқлайди, балки уларни шунга ўхшаш бошқа, жумладан, MERS-Cov (яқиншарқ респираторли синдром) вирусидан ҳам фарқлай олади.
Бундан аввал Новосибирскда коронавирусни диагностика қиладиган ўта сезгир янги тест-тизими қайддан ўтказилган эди. Бунгача Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова жума куни коронавирусни аниқлайдиган янги тест-тизим рўйхатга олиниши ҳақида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу тизим таҳлил натижаларни 2,5 соатда кўрсатади. Янги тест-тизим коронавирусга қарши иммунитети бор одамларни, биринчи навбатда врачларни аниқлашга ёрдам беради.