Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Нукус шаҳридан ғарбга томон 400 км.дан олисда жойлашган “Каракалпакия” посёлкасига Нукус ҳарбий госпитали мутахассислари томонидан COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга мўлжалланган тиббиёт буюмлари юборилди. Бу ҳақда “Darakchi.uz”га Шимолий-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Бугун мамлакатимизда бутун инсониятга жиддий хавф солаётган коронавирус касаллигининг олдини олиш ҳамда фуқаролар саломатлигини сақлашга катта куч ва воситалар сафарбар этилмоқда. Барча вилоятларнинг шаҳар ва туманларида ушбу инфекция тарқалишига қарши зарур бўлган дезинфекция чоралари қўлланилиб, фуқароларни изоляция қилиш мақсадида карантин жорий этилди. Мамлакат бўйлаб кенг миқёсда дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Шундай масъулиятли жараёнда ҳарбий хизматчиларнинг фаол иштироки армия ва халқ якдиллигининг яққол исботидир. Жумладан, Нукус ҳарбий госпитали мутахассислари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка ҳудуди бўлмиш Каракалпакия посёлкасининг 67-сон оилавий поликлиникасига ҳамкорлик ёрдами сифатида ҳудудларни дезинфекция қилиш анжомлари ва шахсий ҳимоя воситалари жамланмаларининг юборилгани эзгу мақсадга хизмат қилувчи хайрли ишлардан бири бўлди.
– Ишончимиз комил, берилаётган ушбу тиббиёт воситалари ёрдамида мамлакатимиз бўйлаб Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратиб кенг кўламда олиб борилаётган дезинфекция ишларини энг олис ҳудудларда ҳам сифатли олиб боришга эриша оламиз, – дейди госпиталь мутахассиси, тиббий хизмат капитани Бахтиёр Бобомурадов.





