Аввал хабар берганимиздек, "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан бугунги қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун бир қанча чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Бундан ташқари Фармон билан аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда.
Таъкидланишича, бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилалар қамраб олинади. (ҳозирда 600 мингта).
Унга кўра, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.
Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.
Шунингдек,, карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турлари янада қўллаб-қувватланади. Ушбу соҳа учун бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилмоқда.






