Ишдан бўшатилган ходимлар қайта ишга тикланиб, уларга мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундирилди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га МИБ Ахборот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, фуқаро Г.Аясова ва М.Довиловалар қарийб 13 йил Фориш туманидаги қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ахборот кутубхона хизмат кўрсатиш бўлимида етакчи мутахассис лавозимида ишлаб келган.
Бироқ, улар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-бандига кўра ҳамда коллеж томонидан 2019 йил 20 сентябрда огоҳлантириш муддатини пуллик компенсация билан алмаштириш тўғрисида ёзилмаган ариза асосида коллеж директорининг 2019 йил 20 ноябрдаги 74-к сон буйруғи билан ишдан бўшатилган.
Шундан сўнг, Г.Аясова ва М.Довиловалар фуқаролик ишлари бўйича Фориш туман судига “ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш” тўғрисида мурожаат қилади.
Мазкур мурожаат суд ишида кўриб чиқилиб, қисман қаноатлантирилиши ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиниб, қарор ижросини таъминлаш учун ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Фориш туман бўлимига юборилади.
Мажбурий ижро бюроси Фориш туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида фуқаро Г.Аясова ва М.Довиловалар жорий йилнинг 26 март куни Фориш туман қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи директорининг 8-к-сонли буйруғига асосан ахборот кутубхона хизмат кўрсатиш бўлимида етакчи мутахассиси лавозимига ишга тикланди, шунингдек уларга нисбатан етказилган 1.693.861 сўм маънавий зарар ҳамда 3.599.455 сўм мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ундирилиб берилганлиги сабабли ижро ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 41-моддаси 1-бандига асосан ижро ишини юритишдан тамомланди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, зеро фуқароларимизнинг меҳнат ҳуқуқи бош қомусимиз, Меҳнат кодекси ва бошқа бир қатор қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган.






