2020 йил 3 апрель куни чегарадош Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг 600 тоннага яқин гуманитар юки Афғонистон томонига беғараз равишда топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Афғонистоннинг фавқулодда вазиятлар бўйича давлат вазири Нажиб Фаҳим, Балх вилояти губернатори Исъҳоқ Раҳгузар, шунингдек, Ўзбекистон Элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов ва мамлакатимиз Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари иштирок этдилар.
Тантанали маросим доирасида брифинг бўлиб ўтди, унда расмий шахслар, кўплаб афғон жамоатчилиги, интелгенцияси, диний ташкилотлар ва ушбу мамлакат оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Афғонистон томони Президент Шавкат Мирзиёевга ва қардош ўзбек халқига коронавирус пандемияси билан боғлиқ оғир вазиятда инсонпарварлик ёрдами кўрсатгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Тинчлик ўрнатишда, шунингдек, Афғонистон иқтисодиёти ва инфратузилмасини тиклашда Ўзбекистон роли юқори баҳоланди.
Балх вилояти маъмуриятининг раҳбари Исъҳоқ Раҳгузар Ўзбекистон ҳақиқий қардош давлат эканлигини, Афғонистоннинг ҳар бир фуқароси уни қўллаб-қувватлаётганини ҳис этаётгани ва ҳис этишини таъкидлади.






