Аввал хабар берганимиздек, АОКА штабида Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Анвар Умаров иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Савол: Нега қардош тилларда видеодарслар мавжуд эмас?
Жавоб: Ҳозирда ТВ орқали 3 та тилда (ўзбек ва рус, қорақалпоқ) дарслар намойиш этилмоқда. Ҳудудларда қардош тилларда таълим берилаётган мактаб педагоглари томонидан масофавий тарзда ўқувчиларга ушбу дарсларни тушунтириб боришларини тавсия этамиз. Ҳозирча қорақалпоқ тилида Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий телеканали билан ҳамкорликда тайёрланмоқда.
Сабаблари:
➖ қўшимча тиллар учун яна телеканаллар керак;
➖ видеодарсларни тасвирга олиш учун қўшимча студия керак, ҳозир деярли барча телестудиялар банд;
➖ Тошкент шаҳрида тожик, туркман, қозоқ, қирғиз тилларида дарс ўтиладиган мактаблар йўқ, шунинг учун ушбу тилларда дарс берадиган барча фан ўқитувчиларини топиш ҳам муаммо, ҳозирги карантин даврида вилоятлардан ўқитувчиларни пойтахтга олиб келишнинг ҳам иложи йўқ.
Савол: Видеодарслар орқали таълим олиш жараёнида ўқитувчи ва ота-оналар нима қилиши керак, шу ҳақида маълумот берсангиз?
Жавоб: Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб:
➖умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилининг IV чораги учун режалаштирилган дарс машғулотларини масофавий видеодарслар шаклида ташкил этилгани сабабли ўқитувчиларнинг иш фаолияти масофавий тарзда (иш ҳақи тўлиқ сақланган ҳолда) давом эттирилади;
➖навбатдан ташқари меҳнат таътилида бўлган ходимларнинг таътил муддати йиллик асосий меҳнат таътили ҳисобидан узайтирилади;
➖қолган ходимларга заруратга кўра йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъий назар, асосий меҳнат таътили ҳисобидан ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили тақдим этилади.
Фан ўқитувчиси:
Ўз иш фаолиятини масофавий тарзда давом эттираётган фан ўқитувчилари телевизион дарс орқали ўқувчиларга берилаётган уй вазифаларини ота-оналар билан биргаликда бажарилишига кўмаклашади ва уларни баҳолаб боради.
Бунда ўқувчиларнинг уй вазифалари юзасидан олган баҳолари:
* Тошкент шаҳрида электрон журналга,
* Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўқитувчилар ўзи учун қайд этиб боради.
Ота-оналар:
➖фарзандларига телевизион дарсларни кўриш ва уй вазифаларини бажаришга шароит яратиб беради;
➖фарзандларининг телевизион дарсларни ўз вақтида кўришини назорат қилади;
➖фарзандларига уй ишини қилишга ва натижаларини фан ўқитувчисига етказишга кўмаклашади, шунингдек, бу борада фан ўқитувчиси билан ҳамкорлик қилади.






