Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан карантин вақтида истеъмолчиларга коммунал тўловларни амалга оширишларида қулайлик яратиш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати Даракчига хабар берди.
Улардан бири масофавий хизмат кўрсатиш тизими, яъни @mibuzbot саҳифаси ишга туширилиб, бу орқали истеъмолчиларга қарздорликларини аниқлаш ҳамда тўловларни мазкур бот ёрдамида амалга ошириш имконияти яратилди. Ҳозирда жойларда ушбу дастур имкониятлари кенг тарғиб қилиниб, ундан фойдаланиш учун қўлланмалар истеъмолчиларга етказилмоқда.

Шу билан бирга, аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари ҳудудларида ҳам МИБ Андижон вилояти туман-шаҳар бўлимлари томонидан сайёр кассалар ташкил этилиб, харид учун келган фуқаролар шу жойнинг ўзида коммунал тўловларни амалга ошириш имкониятига эга бўлмоқда.
Эндиликда, вилоятнинг деярли барча туман ва шаҳарларидаги савдо мажмуаларида харидларни амалга ошириш учун келган фуқароларга МИБ бўлимларининг сайёр кассалари ташкил этилмоқда.






