Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморларнинг аҳволи ҳақида расмий баёнот берди.
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 472 нафарни ташкил этяпти. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клинкасида даволанаётган 92 беморнинг 23 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 66 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўрта оғирликда, 1 нафариники эса ўта оғир.
"Ҳар бирингиз сергак бўлинг. Уйда қоладиган бўлсангиз касаллик уйингизга кирмайди, оилангизни шу дардга мубтало қилмайсиз. Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман: сиз касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлдингизми, бу маълумотни яширманг, тиббиёт ходимларини, эпидемиологларни чалғитишга уринманг, дарҳол бу ҳақда хабар беринг. Ўзбошимчалик билан уйда қолиб даволанманг. Касаллик бирон белгиси пайдо бўлиши билан, уйингизга тиббиёт ходимини чақиринг. Шундагина касаллик оила аъзоларингизга, яқинларингизга юқишининг олдини оласиз ва ўзингизда жиддий асоратлар бўлишига йўл қўймайсиз" дея ўз чиқишини якунлади.






