Тошкент шаҳар ИИББ томонидан фуқаролардан келиб тушаётган саволларга жавоб берилди.
Савол:Кекса ёшдаги ота-онамнинг (бошқа қариндошларим, танишларимнинг) озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларига эҳтиёжлари туғилса ва мендан бошқа зарур нарсаларни етказиб берадиган одам бўлмаса нима қилиш зарур?
Жавоб:
Ҳомийлик фаолиятини мувофиқлаштириш марказига қўнғироқ қилинг: 11-97, 90-900-63-46, 71-210-01-15. Қўнғироқлар фақат соат 09.00 дан 17.00 гача қабул қилинади. Олдиндан қуйидаги маълумотларни тайёрлаб қўйинг: ёрдамга муҳтож кишининг паспорт рақами ва серияси, истиқомат қиладиган маҳалласининг номи.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фуқароларни тўхтатиш, уларга юқоридаги саволларни бериш, ҳаракатланишини кузатиш, велосипедлар (мотоскутерлар, самокатлар ва ҳоказоларни) олиб қўйиш ҳуқуқига эгами?
Ҳа, бундай ҳуқуққа эгалар. Ҳозирги вақтда қоидаларни эпидемиологик ҳолат белгилайди. Ҳозир “ҳуқуқларни ҳимоя қилиш” мавриди эмас. Ҳеч кимга осон эмас. Ҳолатга мулоҳаза билан, ақлни ишга солиб ёндашиш керак. Гап ҳамюртларимизнинг ҳаёти ва саломатлиги ҳақида кетмоқда.
Савол: Уй ҳайвонлари, хусусан итлар эгалари қандай йўл тутмоқлари керак?
Жавоб:
Итни фақатгина уй олдида сайр қилдириш мумкин. Сўнг нажосатини пакетга йиғиб, чиқиндилар бакига ташлаб, уйга қайтиш зарур. Агар сиз итингиз билан қўшни кварталда ёки бошқа маҳаллада юрганингиз аниқланса – сизга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилади.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Ушбу чора – ҳақиқатдан ҳам қаттиқдир. Бу чораларни Хитой ҳукумати қўллаган, худди шундай чораларни коронавирус сабабли ўлим сони ошиб бораётган бошқа мамлакатлар ҳам қўллашмоқда.
Афсуски, орамизда ҳолатнинг жиддийлигини тушунмаётганлар бор, улар бирор баҳона билан стикерсиз ёки қалбаки стикер билан автомобиль ҳайдамоқдалар, велосипедларда ҳаракатланмоқдалар, итлар ва болалари билан сайр қилишмоқда. Бу одамлар бировларнинг ҳаёти, саломатлиги учун масъулиятни ўз бўйинларига олишга тайёрмилар? Ҳеч ким коронавирус ташувчиси эмаслигига амин бўла олмайди. Шу билан бирга ҳеч ким уларнинг касаллик юқтирмасликларига кафолат бера олмайди.
Қонун ва юртимиз раҳбарияти талабига биноан Тошкент шаҳар ИИББ, умуман ички ишлар органлари ходимлари халқ учун, одамлар хавфсизлиги учун, сизнинг ҳаёт ва саломатлигингиз учун хизмат қилишмоқда. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги томонидан жорий қилинаётган барча чоралар коронавирус инфекциясининг тарқалиши хавфини тўхтатиш ва унга барҳам беришга қаратилган.
Сизни иродали бўлишга, онгли равишда ва фуқаролик масъулияти ҳис этган ҳолда иш тутишга чақирамиз. Коронавирус пандемиясини енгишда ва кўп сонли ўлимларни олдини олишда бизга фақатгина интизом ёрдам беради, зеро касаллик кенг тарқалган бошқа мамлакатларга айнан шундай тартиб ёрдам берган.






