Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус COVID-19 га қарши курашиш бўйича ташкилот фаолияти юзасидан унга таҳдидлар бўлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Россиянинг “РИА.РУ” нашри хабар берди.
“Яқин уч ойдан бери, менга бўлаётган ҳужум, таҳқирли изоҳлар, ҳаттоки ҳаётимга таҳдид солувчи гап–сўзлар тингани йўқ. Менга барибир, ҳаттоки ҳаётим хавф остида қолса ҳам уларга эътибор бермайман. Бироқ ташкилотнинг ёмонотлиққа чиқишига индамай, қараб тура олмайман” – деб изоҳ берди у АҚШ президенти Дональд Трампнинг коронавирусга қарши курашда ЖССТ фаолиятини танқид қилганини назарда тутиб. – Ҳозир биров бировни бармоқ билан нуқиб кўрсатадиган пайт эмас. Ҳамма бирлашиши керак, агар бир– биримизни қўллаб–қуватламасак, бизни бундан баттар вазият кутади. ЖССТ сиёсат билан шуғулланмайди”.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекциясини “пандемия”, деб эълон қилди. ЖССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, айни вақтда дунёда 1,28 миллион киши коронавирус инфекциясини юқтирган, 72 минг нафардан ортиқ бемор мазкур инфекциядан оламдан ўтган.






