АсосийЖАМИЯТ

“Карантинни писанд қилмаётган паркентликлар” номли танқидий мақолага муносабат билдирилди

«Ишонч» газетаси сайтида эълон қилинган Ғуломжон Мираҳмедовнинг “Карантинни писанд қилмаёт...

'“Карантинни писанд қилмаётган паркентликлар” номли танқидий мақолага муносабат билдирилди'ning rasmi

«Ишонч» газетаси сайтида эълон қилинган Ғуломжон Мираҳмедовнинг “Карантинни писанд қилмаётган паркентликлар” сарлавҳаси остидаги танқидий материалига Паркент туман ҳокимлиги Ахборот хизмати қуйидагича муносабат билдирди:

Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда шу ойнинг 1 апрелигача 17 мингдан зиёд карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди. 

Ушбу қоидабузарликларнинг аксарияти тиббий ниқоб тақмаганлик ҳолати билан боғлиқ. Жойларда айрим карантин қоидаларини қасддан бузаётган фуқаролар ҳақида оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда хабарлар бериб борилмоқда. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, шундай мураккаб шароитда айрим мухбирлар томонидан нохолис хабарлар тарқатилмоқдаки, бунга жимгина қараб туриб бўлмайди. 

“Ишонч” газетаси мухбири Ғ.Мираҳмедов ҳам бундай нохолис хабарлар тарқатилишига ўз “ҳисса”сини қўшишга бел боғлаган кўринади. Мухбирнинг 6 апрель санасида “Карантинни писанд қилмаётган паркентликлар” номли луқмаси эълон қилингани шундай хулоса чиқаришимизга сабаб бўлди. Уни ўқиган киши ҳайрон қолиши турган гап. Нега дейсизми? Келинг, мухбирнинг айрим жумлаларига эътибор қаратамиз. Биринчидан, материалга қўйилган сарлавҳа анча шубҳали! Боиси, туманимизда карантин қоидаларига қатъий амал қилиш юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан керакли чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Ҳуқуқбузарларга нисбатан белгиланган тартибда жазо берилмоқда. Афсуски, бошқа туманларда бўлгани каби жорий йилнинг 3 апрель ҳолатига кўра туманимизда 112 нафар фуқаро ҳимоя ниқоби тақмаганлиги учун МЖтКнинг 54-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Бордию, Ғ.Мираҳмедов шу ҳақда олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларимизга кўмаклашганда эди... «Аммо, лекин, бироқ…» – Ғуломжон Мираҳмедов «мухбир тошотар» тоифасидан назаримизда! 

Вазиятга холис назар билан ойдинлик киритадиган бўлсак, туман мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида айни вақтда туманимизнинг марказий кўчаларида ниқоб тақмаган, мақсадсиз юрган инсонларни учратиш қийин. Ҳар ҳолда Ғ.Мираҳмедов ёзганидек, «Паркентда ҳаёт ўша-ўша давом этмоқда. Ёшидан тортиб, кексасигача кўчада» эмас. Туманимиздаги вазиятни бу тарзда ёритиш журналистик этикасига умуман тўғри келмайди.

Иккинчидан, мухбир «бозорлар гавжум», деган жумлани қаердан олиб ёзди? Осмонданми?! Айни пайтда туманда фақат битта бозор бор. Қолгани қаерда? Буни энди Ғуломжон Мираҳмедовдан сўраш керакка ўхшаяпти. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун ишлаб турган биргина деҳқон бозори ҳам аввалгидек гавжум эмас. 

Бундан ташқари, мухбирнинг «туман марказидаги банкоматда ҳар куни деярли 50-60 одам пластик картасидаги маблағини нақд қилиш учун ўз навбатини пойлайди. Бу ҳол эрта тонгдан то кун ботгунга қадар давом этади», дея «маломат» қилиб ёзганлари билан асло келишиб бўлмайди. Бу ҳақиқатдан йироқ. Матндаги «одамлар орасида ҳеч қандай масофа йўқ» жумласида жон бор, лекин айни пайтда мазкур вазиятга барҳам берилган.

Хуллас, Ғуломжон Мираҳмедов ўз материалини «куюнчаклик» билан ёзар экан «Карантин паркентликлар учун эмасми?» деган савол билан тугаллайди. Шу боис биз ҳам савол бергимиз келди: «Ишонч»нинг ишончига лойиқ бўлиш учун қаламингизни чархлашингиз керак эмасмикин, ўртоқ мухбир?

    Бошқа янгиликлар