АОКА штабида Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Дониёр Эрматов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда Дониёр Эрматов берилган саволларга жавоб қайтарди.
Савол: Мен ўзим дарсга кирадиган синфларга телевизион дарслар бор кунларда топшириқ бериб, баҳолаб келяпман. 1 апрель куни телевизион дарс йўқ эди. Директор ўринбосари 1 апрелда "ИШЛАМАГАН" сифатида белгилаб қўйибди. Унинг шу иши тўғрими? Телевизион дарс бўлмаган куни ҳам ўқувчиларга топшириқ беришим керакми?
Жавоб: Вазирликнинг бу ҳақдаги тегишли буйруғи билан ўқитувчилар 1 апрелдан масофавий ишлашга ўтказилди. Унда асосий вазифа — телевизион дарсларни мунтазам кузатиб бориш орқали ўз фани бўйича дарс бераётган синфларда ўқувчиларга шу мавзуни тушуниб олишларига кўмаклашиш, телевидение орқали берилган уйга вазифаларни бажаришда амалий ёрдам бериш, ўқувчилар билимини баҳолаш (Тошкент ш. электрон кундалик, бошқа ҳудудда телеграм канал) каби масофадан бажариш мумкин бўлган ишлар этиб белгиланган.
Мактаб раҳбарияти иш кунларини ҳисоблаганда шунга алоҳида эътибор беришлари тавсия этилади.






