АсосийJamiyat

“Карантин қўл қовуштириб ўтириш учун сабаб эмас. Ўзбекистонда “онлайн туризм” ривожлантирилади — Азиз Абдуҳакимов

'“Карантин қўл қовуштириб ўтириш учун сабаб эмас. Ўзбекистонда “онлайн туризм” ривожлантирилади — Азиз Абдуҳакимов'ning rasmi

Бугунги кунда коронавирус билан боғлиқ сокинлик даврида туризм соҳасида қандай ишлар олиб борилмоқда? Ушбу соҳаларни ривожлантиришда қандай янгича ёндашувлар қўлланмоқда? Қандай янги лойиҳалар режалаштирилмоқда? Шу ва бошқа саволларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов жавоб берди.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, айни дамда юртимизда карантин ва ўз-ўзини изоляция қилиш режими ҳукмрон бўлса-да, лекин бу даврда қўл қовуштириб ўтириш керак эмас, аксинча, ушбу сокинлик давридан унумли фойдаланиб, соҳаларни ривожлантиришда янгидан-янги усуллар ва жиҳозларни қўллаш лозим. Масалан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бугунги кунда "онлайн туризм"ни ривожлантиришни, тадбиркорлар ва стартаперларни қўллаб-қувватлашга оид ишларни амалга оширишни бошлаб юборган. 

Онлайн туризм қандай бўлади?

Бу саволга жавоб берар экан, Азиз Абдуҳакимов айни дамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Миллий PR маркази Ўзбекистонда туризм бўйича виртуал саёҳатларни амалга ошириш имконини берувчи online-tourism.uz сайтини йўлга қўйиш устида ишлаётганини, бу Ўзбекистон бўйлаб виртуал саёҳат қилиш имконини тақдим этувчи биринчи платформа бўлишини таъкидлаган.

“Ўзбекистонда коронавиус билан боғлиқ карантин даври тугаганидан кейин туризм соҳасидаги стартап лойиҳалар, жумладан инновацион бизнес ғоялар, айниқса, ёшлар ва уларнинг сайёҳларга қулайлик яратишга йўналтирилган дастурларини субсидиялаштириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, “Ўз диёрингни ўзинг кашф эт” лойиҳаси доирасида маҳаллий аҳолини аудио, фото ва видео материал тўплаш жараёнига жалб этиб, шу асосда “Туризм қишлоғи”, “Туризм маҳалласи”, “Туризм овули” мақомига эга аҳоли пунктлари реестрини кенгайтириш кўзланяпти. Шунингдек, “Саёҳатингни режалаштир” акцияси ўтказилади ҳамда туризм соҳаси субъектлари билан ҳамкорликда аҳоли орасида пандемиядан кейин Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга оид таклиф ва онлайн аризаларни қабул қилишни кенг тарғиб қилиш бўйича электрон тизимни рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар амалга оширилиши  режалаштирилган”, - дейди А.Абдуҳакимов.

Бошқа янгиликлар