1

“Асарни ким яратиши эмас, ундан чиқариладиган хулоса муҳим!” — Маданият вазирлиги Озодбек Назарбековнинг қўшиғи атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдирди

МАДАНИЯТ 11.04.2020, 00:46
Теглар: Озодбек Назарбеков, қўшиқ, маданият, вазирлик, короновирус
“Асарни ким яратиши эмас, ундан чиқариладиган хулоса муҳим!” — Маданият вазирлиги Озодбек Назарбековнинг қўшиғи атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдирди

Яқинда Ўзбекистон маданият вазири, халқ артисти Озодбек Назарбеков Президент мурожаатига бағишлаб “Гўзал ҳаёт” номли янги қўшиқ куйлади. 

Қўшиқда коронавирусга қарши кураш ҳамда кўрилаётган чоралар ва ютуқлар мадҳ этилган. Жумладан, унда “Бу кун ростга айланди афсоналар. Тез кунда қад ростлар, айтинг, қай юртда, бизникидай улкан шифохоналар?” деган сўзлар бор. 

Аммо ушбу қўшиқ турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Муҳокамаларда қўшиқни вазирнинг ўзи эмас, бошқа хонандалар ижро этиши керак эди, деган эътирозлар ҳам йўқ эмас. Маданият вазирлиги ушбу гап-сўзларга муносабат билдирди:

“... Албатта, маданият вакиллари ўз ижодий асарларига билдириладиган муносабатларни кутади ва улардан тегишли хулоса чиқаради. Ушбу қўшиқ Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус пандемияси муносабати билан халқимизга йўлланган мурожаатларидан руҳланган ҳолда дунёга келди. Маданият вазирлигининг мақсади аввало, мана шундай ўта машаққатли, синовли кунларда халқ дардида қайғураётган юрт раҳбарига, ватанимизнинг фидойи шифокорлари-ю, ҳуқуқ тартибот ходимларига, хайру-саховат ишларида фаол бўлган фуқароларимизга далда бўлиш, уларни руҳлантиришдан иборат. Чунки уларга осон бўлаётгани йўқ. Бизга уйда ўтириш оғирлик қилаётган бир пайтда улар уйга боришни орзу қилишяпти. Қолаверса, олижаноб халқимизга юрт отасининг мурожаатини чуқурроқ етказиш, юртдошларимизни бирдамликка, якдиллика, сабру қаноатга чорлаш мақсадида ҳам бу лойиҳага қўл урилди. 

Халққа аталган асарни ким яратиши муҳим эмас. Ундан чиқариладиган хулоса муҳим! Ибрат муҳим! Бугун юртимизда пандемияга қарши қилинаётган ишлар қамровини тўлақонли тасаввур қила оладиган ҳар бир киши шундай хулосага келиши ва уни халққа етказишга ошиқиши аниқ. “Гўзал ҳаёт” қўшиғи ана шундай хулоса маҳсулидир!

Карантин эълон қилинганига ҳали бир ой ҳам бўлмади. Лекин ҳар биримиз унгача бўлган гўзал ҳаётимизни соғина бошладик. Бизни чарчатиб қўйган ўша ташвишларни ҳам, югур-югурларни ҳам, тиним билмас турмуш икир-чикирларини ҳам соғина бошладик ҳатто. Ўша кунлар албатта, яна қайтади. Қайтганда ҳам ўз қадрини ўтказиб қайтади. “Гўзал ҳаёт”ни тўлақонли ҳис қилишни ўрганган кунимиз у қайтади. Бироқ ҳар ким аравани ўзи томонга тортадиган, ақл эмас, ҳиссиётларга эрк берадиган бўлса, гўзал ҳаёт биздан узоқлашиб бораверади. Унинг тезроқ қайтиши учун эса бугун қўлни-қўлга берайлик! Юртбошимизга қанот бўлайлик, бирлашайлик!” - дейилади вазирлик муносабатида.

Хабар беришларича, Маданият вазирлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида “Гўзал ҳаёт” челленжи эълон қилинди.

Челленж иштирокчилари “Гўзал ҳаёт” қўшиғини куйлаб, ижтимоий тармоқларга #gozalhayot хештеги остида жойлаштиришлари лозим. Энг кўп томошабин йиға олган ижрочи ғолиб деб топилади ва карантин тугагач, қимматбаҳо совға билан тақдирланади.

Аввалроқ Озодбек Назарбеков коронавирус мавзусида “Бизларни афв эт” номли қўшиқ куйлаганди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1