Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирус хавфи боис аҳолини нақд пул муомаласида эҳтиёт бўлишга чақирди ҳамда пенсияларни пластик карточкага ўтказиб олиш мақсадга мувофиқлигини айтди.
“Нақд пулларда коронавирус қўзғатувчиси узоқ муддат (4-5 кун) сақланиб қолиши ҳақида исботланган далиллар бор. Шу муносабат билан, айниқса, нақд пул билан боғлиқ ҳолда фаолият юритувчилар, дейлик, пенсия тарқатувчилар, банк ходимлари, кассирлар, савдо муассасалари ходимлари жиддий эҳтиёт чорасини кўришлари керак бўлади. Улар нақд, яъни қоғоз пул билан ишлаганда дастлаб ўзларини ҳимоя қилишлари керак. Улар бир марталик қўлқопларда, дока ниқобларда бўлиш баробарида мунтазам равишда қўлларини дезинфекцион ва антисептик воситалар билан зарарсизлантириб туришлари керак.
Ўзбекистонда пенсиялар нақд пулда берилади. Республикамиз банк соҳаси мутасаддиларининг маълум қилишларича, айни кунларда пенсия пуллари алоҳида пакетларда тарқатилмоқда. Бу пулларни аҳолига тарқатишдан олдин махсус дизенфекцион ишлов берилмоқда. Лекин битта нарсани аниқ билишимиз керак, нақд пул орқали одамларга касаллик юқиши мумкин. Шундай экан, ҳозирги вазиятда нақд пул билан муомала қилишни кескин камайтириш, нафақаларни нақд пул сифатида эмас, пластик карточкалар орқали олиш хавфсизроқ бўлади”, - дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтиради “Kun.uz” нашри.
Мутахассиснинг айтишича, ҳозир пластик карточкалар бўйича умуман муаммо йўқ. Битта пластик карточкадан иккинчисига ўтказиш ҳам ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Демак, нафақат ойлик маошларини, нафақа пулларини ҳам карточкага тушириш керак бўлади.






