Андижонда 4 нафар коронавирусга чалинган беморлар бутунлай соғайди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги расмий канали хабар берди.
Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар соғайишда давом этмоқда. Жумладан, бугун 2020 йил 13 апрель куни Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган 4 нафар бемор бутунлай соғайди. Уларни Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Жорий йилнинг 11-12 апрель кунлари ўтказилган лаборатория текшируви натижасида уларда касаллик аломатлари аниқланмади. Тузалган беморларнинг 2 нафари Андижон шаҳридан 2 нафари Андижон туманидан.

Ушбу беморлар шифокорлар томонидан халқаро стандартлар асосида олиб борилган тўғри даволаш муолажалари туфайли айни пайтда дарддан тўлиқ фориғ бўлишди.

Беморларни даволашда катта меҳнат қилган 117 нафар шифокорга вилоят ҳокимлиги томонидан чуқур миннатдорлик билдирилди. Эндиликда уларнинг ўрнида навбатдаги шифокорлар иш бошлайди.







