1

Фарруҳ Комилов чархпалакда "қўлга тушди"

ШОУ-БИЗНЕС 02.05.2015, 17:43
Фарруҳ Комилов чархпалакда "қўлга тушди"

“Чув тушди” лойиҳасининг бу галги сонини бир оз ноодатий тарзда ўтказишга қарор қилдик. Хонанда Фарруҳ Комиловни интервью олиш мақсадида пойтахтдаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғига таклиф этдик. У билан суҳбатлашиш эса газета мухбири Моҳичеҳра Эшмирзаевага топширилди.

Фарруҳ Комилов белгиланган  вақтда етиб келди. Хонанданинг кўнгли ниманидир сезди шекилли, “карусел”га чиқаётиб: — Шунча баландликка чиқиб суҳбат қуришимиз шартми? — деб сўради.

Моҳичеҳра: — Интервьюни ноодатий тарзда олмоқчимиз, санъаткорлар ҳам бир хил тарзда офисда интервью бериб зерикишди, дея шу усулни ўйлаб топдик. Қолаверса суратлар ҳам чиройли чиқади. У ёғини сўрасангиз, ўзим ҳам баландликдан қўрқаман, лекин касбим шуни тақозо қилиб тургандан кейин нима ҳам қилардим.

Фарруҳ:  Хўп, майли... Илоҳим эсон-омон чиқиб-тушайлик...  

  • — (карусель секин-аста кўтарила бошлади) Энди суҳбатни бошласак, Фарруҳ репертуарингизда янги яратилиб, тез унутилган қўшиқларингиз борми?    

—  Ҳозир аксарият яратилаётган қўшиқлар шунақа, тез яратилиб, тез унутилиб қоляпти-ку. Билмадим, ҳаёт тезлашиб кетяптими, ёки томошабинлар талабчан бўлиб бораётганлиги сабабми, кўпгина қўшиқларнинг тақдири шунақа. Илк маротаба “Ҳар тараф”  номли қўшиғимни куйлаганимда жуда кўп танқидларга учрагандим. Лекин уни ҳамон сўрашади.  (Хонанда  суҳбат жараёнида пастда қолган ёрдамчиси Орифга ҳамда фотомухбирга ҳам гап ташлаб қўйди: — Тепадан атроф чиройли кўринаркан, суҳбат ҳам зўр бўляпти... 

Орифнинг жавоби эшитилмади.  Моҳичеҳра суҳбатлашиш билан бирга Фарруҳни суратга олаётган пайтда  “карусел”  ердан саккиз метрлар чамаси кўтарилганди. Шу маҳал у  “тўсатдан тўхтаб қолди”.    

Фарруҳ: — Вой...  (пастга, ён-атрофга аланглаб) тўхтаб қолдими?..

Моҳичеҳра: — Вой, бу нимаси!  Энди нима қиламиз?

Фарруҳ: — (тепаликдан пастга қараб)  Эй... Ориф! Қара-чи, каруселчи нима қиляпти?

Моҳичеҳра: —(“карусел”чига тепадан қараб) Тинчликми, нима бўлди?

Каруселчи: — Узр, “карусель” бузилиб қолди. Мен ишлата олмайман, уста чақираман. Бир-икки соатча кутасизлар-ов энди...  

Фарруҳ: — А-а!?. Бу нима деганингиз? Қанақасига ишламайди?

Моҳичеҳра: Ҳой, ҳазиллашяпсизми? Икки соат шу баландликда ўтирамизми?

“Карусел”чи: —  Менга нима дейсиз синглим? Каруселни мен бузиб қўйганим йўқ-ку! Шунақаси ҳам бўп туради. Бу темир бўлса...

Моҳичеҳра: — Ие, сиз бузмасангиз ҳам тезроқ бир иложини топинг, уста чақиринг.

Фарруҳ: (ёрдамчисидан нажот кутиб бетоқатланиб)  — Ориф, нима бўляпти? Қараб кўр-чи...

Ориф: — Билмасам... (ҳайрон бўлиб гоҳ тепага, гоҳ қўлидаги темири билан аланарсалар қилаётган каруселчига қарайди)

Орадан бироз вақт ўтсада “карусел”чи тузата олмади, шунда Фарруҳ асабийлашиб атрофга аланглаб тепаликдан тушиш чорасини излай бошлади.  Кейин хаёлига келган фикрдан қувониб шартта ўрнидан турди-да, пастга қаради:  — Ҳозир мен секин темирга осилиб пастга тушиб оламан...   

Моҳичеҳра: —  Ие, йўқ! Бир ўзимни қолдириб кетасизми?! Мен баландликдан қўрқаман дедим-ку.

Фарруҳ: — Нега қўрқасиз? Бир амаллаб пастга тушиб олсам, усталарни ўзим чақириб келаман. Каруселни ҳам тезроқ тузатишади...  (Моҳичеҳранинг йиғламсираб карусель бандига маҳкам ёпишиб турганини кўриб, шаштидан қайтди).  — Оббо! Бошқа одам йўқдек, менга келганда карусел бузилиб қоладими-а? ( У чорасиз қолганидан баттар асабийлашиб, пастга қараб овозини баландлатди).  Жин урсин, бир жойга ҳужжатларни зудлик билан етказишим керак эди. Бир иложини топинглар! Шошяпман ахир!

“Карусел”чи:  — Айтдим-ку, усталар камида икки соатларда келади, деб. Мана, ҳозиргина қўнғироқ қилиб сўрадим... Бошқа боғда ишлари бор экан

Моҳичеҳра: — (Фарруҳнинг юрагига баттар ваҳима солиб) Уфф... Нақ офтобнинг тиғида қоладиган бўлдик-да. Бунақада қорайиб, куйиб кетамиз-ку!  

Фарруҳ: (аламини ёрдамчисидан олди) — Ориф!  Пастда шунақа томоша қилиб тураверасанми? Кимга бўлса ҳам қўнғироқ қилиб, ҳал қилсанг-чи!

Шовқин-суронни эшитиб “карусель атрофида одам йиғила бошлади. Бир йигит ёнидагисига кулиб қараб асабийлашаётган Фарруҳни суратга ола бошлади.

Моҳичеҳра: (“жаҳли чиқиб&rdquo — Ҳой, нега сиз бизни телефонингизга суратга оляпсиз? (Фарруҳга қараб) Гарисангиз-чи! Яна интернетда тарқатиб юбормасин...  

Фарруҳ:  — (асабийлашганча)  Вой...  Ҳой, Ориф,  анави боланинг қўлидаги телефони олиб қўй, бизни суратга оляпти-ку! (Қўлидаги соатига қараб)  — Уфф... борадиган жойимга кечикяпман-а...

  Суратга олаётган йигит Орифдан дакки эшитгач, нари кетди.  Фарруҳ  эса чорасизликдан сиқилиб, қўллари билан юзини беркитиб хаёлга толди. Пастда эса “қутқариш” ҳаракати қизғин баҳс билан кечарди.

Моҳичеҳра: — Фарруҳ, нима қиламиз энди? Усталар ҳали-бери келмайдиганга ўхшайди-ку?

Фарруҳ: ( Юзидан қўлларини олиб) Бўлди, темирга осилиб, аста-секин тушиб оламиз.

Моҳичеҳра: — Бўлмайди... Темирларга осилиб тушаётганимизда “карусель” юриб кетса-чи, кейин нима бўлади? 

Фарруҳ: —  (ўзини бамайлихотир тутиб) Нима бўларди, тамом бўламиз...  Пешанага ёзилгани бўлади-да... (ёрдамчисига қараб) — Сакрайми ерга?

Моҳичеҳра: — Вой, ўйлаб гапиряпсизми? Майиб бўласиз-ку!

Фотомухбир: — Ака, сакраманг! Бу баландликдан сакрасангиз нақ оёғингиз синади.

Фарруҳ: — Ҳамма айб сизда бўлади-да шунда!  Мени суҳбатга чақирганингиз учун...  Ориф дедим сенга, анави  бола яна суратга оляпти! Бир нима қилсанг-чи, телефонини қўлидан ол! (Фарруҳ бу гал қаттиқ асабийлашди ).

Шу маҳал суратга олаётган боланинг ёнида турган каруселчи юқорига қараб “Даракчи ҳазили” деган ёзувни кўрсата бошлади.

Фарруҳ (“карусел”чига синчковлик билан тикилиб):  — Тушунмадим, анави бола бизга қараб нега қоғоз кўсатяпти? (пастга энгашиб, яхшироқ қараб)  — Тушунмадим... Ие! “Чув тушди” деб ёзилганми?!

Моҳичеҳра: — ()кулганча) Ҳа! Чунки ростдан ҳам чув тушдингиз!

Бир зум ўйланиб бўлган воқеаларни сарҳисоб қилиб олган Фарруҳ енгил тин олгандек жилмайди: — Алдашибди-да!

Моҳичеҳра: — Алдадик! Сиз эса чиппа-чин ишондингиз!

Пастдагиларнинг кулгусидан сўнг дарҳол ишга тушган “карусель” айланиб, Фарруҳ билан Моҳичеҳра ерга тушишди.

Фарруҳ: —(“карусел”чи билан телефонда суратга олган болага қараб).  Бу ҳаммаси мени алдаш учунмиди?

Моҳичеҳра: — Худди шундай сизни чув тушириш учун боғ маъмуриятидан ҳам рухсатнома олганмиз...

Фарруҳ: — Э, қойил! Ҳазилларинг ҳам бор бўлсин, ёмон алдадинглар лекин... Очиғи, иккинчи синфда ўқиб юрганимда  дадам “Тошкент Ленд”га олиб боргандилар, ўшанда  охирги марта “карусел”га чиққандим. Сиз бўлмаганингизда-ку, осилиб бўлсада тушиб олардим...

Моҳичеҳра: — Қиз болани ёлғиз ташлаб кетмаслигингнизни билгандик-да.

Фарруҳ билан хайрлашар эканмиз, ҳазилимиз қалтисроқ чиққан бўлса, узр дейишни ҳам унутмадик. Унинг оғир-вазминлиги, мулоҳазалигига эса қойил қолмай иложимиз йўқ.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1